Рақамли сўм муомалага чиқариладими? Марказий банк раиси муҳим қадамни эълон қилди

Рақамли сўм муомалага чиқариладими? Марказий банк раиси муҳим қадамни эълон қилди

Рақамли сўм сари илк қадам: Ўзбекистонда миллий рақамли валюта концепцияси эълон қилинмоқда!

Пойтахтдаги Central Asia Expo Uzbekistan мажмуасида бошланган Марказий Осиёдаги энг йирик молиявий тадбир — Silk Road Finance&Technology Forum-2026 доирасида Марказий банк томонидан Ўзбекистоннинг рақамли валютаси (CBDC) бўйича махсус концептуал ҳужжат тақдим этилмоқда.

Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, гап ҳозирча рақамли валютани тўлиқ муомалага чиқариш ҳақида эмас, балки унинг барча имкониятларини синчковлик билан ўрганиш ва пилот тажриба-синов босқичини бошлаш ҳақида кетмоқда.

CBDC концепцияси: Рақамли миллий валюта нима беради?

Марказий банк эълон қилаётган махсус концептуал ҳужжат қуйидаги муҳим йўналишларни баҳолайди:

  • Дизайн ва ечимлар: Рақамли валютанинг архитектура вариантлари, афзалликлари ва чекловлари;

  • Молиявий таъсир: Тизимнинг барқарорлиги ва молия тизими учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар;

  • Пилот босқичи: Тажриба-синовлар орқали рақамли валютанинг инновациялар ва миллий рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлашдаги оптимал модели синовдан ўтказилади.

FinTech тармоғига 1 млрд доллар ва 5 минг янги мутахассис

Президент томонидан қўйилган вазифалар доирасида Ўзбекистон биринчи миллий FinTech стратегиясини ишлаб чиқди ва соҳани янги босқичга олиб чиқмоқда:

  • Инвестиция кўлами: 2030 йилга қадар молиявий технологиялар соҳасига 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш мақсад қилинган;

  • Кадрлар тайёрлаш: 5 минг нафар ёш FinTech мутахассиси ўқитилади. Дастлабки гуруҳ Сингапур университетлари ва GFTN билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур асосида жорий йил охиригача таълимни бошлайди;

  • Нақдсиз ҳисоб-китоблар: Бугунги кунда Ўзбекистонда тўловларнинг 57 фоизи нақдсиз шаклда амалга оширилмоқда ва бу кўрсаткич муттасил ошиб бормоқда;

  • Венчур капитал: 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё бўйлаб венчур молиялаштириш ҳажми қарийб 320 миллион долларни ташкил этган.

Тошкент — Марказий Осиёнинг молиявий маркази: Форум кун тартиби

24–26 август кунлари CAeX мажмуасида ўтказилаётган халқаро форум Ўзбекистон Марказий банки ва Global Finance and Technology Network (GFTN) ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, 4 мингга яқин иштирокчини (30 фоизи хорижий экспертлар) жамлади:

  • Муҳокама мавзулари: Трансчегаравий тўловлар, Очиқ банкинг (Open Banking), рақамли идентификация, стейблкоинлар, CBDC ва токенлаштирилган реал активлар;

  • Исломий рақамли иқтисодиёт: Форумнинг учинчи куни — 26 августда тадбир Ислом цивилизацияси марказида давом этиб, Azimuth махсус дастури доирасида исломий молия ва рақамли ечимлар муҳокама қилинади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар