Ҳиндистон гуруч етиштиришда Хитойни ортда қолдирдими?

2025 йилда Ҳиндистон гуруч етиштириш ҳажми бўйича жаҳонда етакчи давлатга айланди. Мамлакат жорий йилда 150 миллион тонна шоли етиштириб, ушбу кўрсаткич билан Хитойни ортда қолдирди. Бу ҳақда Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги вазири Шивраж Сингҳ Чоуханга таяниб, Economic Times нашри хабар берди.
Вазирнинг таъкидлашича, бундай натижага эришишда юқори ҳосилли уруғ навларини яратиш муҳим ўрин тутган. Нарендра Моди ҳукумати 2014 йилдан бери мамлакатда 3 236 турдаги юқори ҳосилли навни рўйхатдан ўтказган. Солиштириш учун айтилса, ундан олдинги 45 йил давомида 3 969 та янги нав яратилган эди.
Чоуханнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон илгари озиқ-овқат тақчиллигини бошдан кечирган давлат бўлган бўлса, бугунги кунда глобал озиқ-овқат етказиб берувчи мамлакатга айланди.
"Биз гуруч етиштириш бўйича Хитойни ортда қолдирдик ва энди ташқи бозорларга ҳам ўз маҳсулотларимизни етказиб беришни режалаштиряпмиз", — деди вазир.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Хитойда 145,28 миллион тонна шоли етиштирилган. Шу тариқа, Ҳиндистон дунёда гуруч ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринни эгаллади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!