Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат аҳолисини тозаликка чақирмоқда

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди мамлакат аҳолисини тозаликка кундалик одат сифатида қарашга чақирди. Унинг таъкидлашича, озодалик бирор идора ёки алоҳида ходимлар зиммасидаги иш эмас, балки ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти бўлиши керак.
Бу ёндашув “Тоза Ҳиндистон” (Swachh Bharat Abhiyan) дастури доирасида илгари сурилмоқда. Дастур санитария ва гигиена шароитларини яхшилаш, жамоат жойларида тозаликни сақлаш ва аҳоли орасида экологик маданиятни оширишга қаратилган.
Асосий эътибор кўчаларга чиқинди ташлашни камайтириш, жамоат ҳудудларини тартибли сақлаш ва шахсий гигиенага риоя қилишга қаратилмоқда. Мақсад, тозаликни вақтинчалик акция эмас, доимий турмуш тарзига айлантиришдир.
Ташаббус доирасида сув ҳавзалари ва дарёларни ифлосланишдан ҳимоя қилиш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Ганг дарёсини асраш ва атроф-муҳитга нисбатан масъулиятни кучайтириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Ҳиндистонда жамоат ҳожатхоналарини қуриш ва аҳоли учун санитария шароитларини яхшилаш ишлари ҳам давом этмоқда. Бу чоралар гигиена маданиятини кенгайтириш ва аҳоли саломатлиги учун хавфларни камайтиришга хизмат қилади.































Изоҳлар 0
…