Ўзбекистонлик ишбилармонлар делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги 100 га яқин ўзбекистонлик тадбиркорлардан иборат делегация Афғонистонга етиб келди. Меҳмонларни Термиз чегара божхона пости орқали ўтганларидан сўнг Балх вилояти раҳбарияти ҳамда Афғонистон Савдо-саноат палатаси вакиллари кутиб олишди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Делегация дастлаб Ўзбекистон–Афғонистон чегараси яқинида жойлашган “Astraс” компаниясига қарашли логистика марказида бўлди. Ташриф давомида марказ фаолияти, юкларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда экспорт-импорт операцияларини ташкил этиш жараёнлари билан яқиндан танишилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Ноибобод темир йўл станциясига ташриф буюриб, юк ташиш хизматлари, логистика механизмлари ва мавжуд инфратузилма имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олишди. Шунингдек, Мозори-Шариф шаҳридаги “Мозори Ҳотел” савдо марказида ҳудуддаги тадбиркорлик муҳити ва бизнес юритиш имкониятлари ўрганилди.
Ўзбекистон делегациясининг Афғонистондаги ташрифи давом этмоқда. Дастур доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!