Ўзбекистон аёллар хавфсизлиги бўйича рейтингда нечинчи ўринда?

Ўзбекистон аёлларнинг фаровонлиги, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини баҳоловчи 2025/26 йилги халқаро индексда 181 давлат орасида 98-ўринни эгаллаб, 0,674 балл тўплади. Рейтинг Жоржтаун университетининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик институти томонидан 13 та асосий кўрсаткич асосида тузилган. МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистондан пастда фақат Озарбайжон қайд этилган, Марказий Осиёда эса Қозоғистон 72-ўрин билан энг юқори натижани кўрсатган.
Ўзбекистон аёлларнинг фаровонлиги, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини баҳоловчи халқаро рейтингда 181 давлат орасида 98-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг 2025/26 йилги индексдаги кўрсаткичи 0,674 баллни ташкил этган. Бу ҳақда Жоржтаун университетининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик институти маълум қилди.
Мазкур рейтинг аёлларнинг жамиятдаги иштироки, ҳуқуқлари, адолати ва хавфсизлигини 13 та асосий кўрсаткич асосида баҳолайди. Унда таълим олиш имкониятлари, бандлик даражаси, молиявий хизматлардан фойдаланиш, парламентдаги вакиллик, ҳуқуқий тенглик, адолатга эришиш имконияти, оналар ўлими, оиладаги зўравонлик ва жамоат хавфсизлиги каби муҳим мезонлар ҳисобга олинади.
МДҲ давлатлари орасида Молдова 36-ўринни эгаллаб, 0,821 балл тўплаган. Арманистон 56-ўринда 0,762 балл, Беларусь 63-ўринда 0,739 балл, Қозоғистон 72-ўринда 0,722 балл билан қайд этилган.
Шунингдек, Туркманистон 74-ўринни 0,720 балл билан, Россия 75-ўринни 0,718 балл билан, Қирғизистон 84-ўринни 0,697 балл билан, Тожикистон эса 89-ўринни 0,685 балл билан эгаллаган.
Ўзбекистон эса 98-ўринда, 0,674 балл билан қайд этилган. МДҲ доирасида ушбу таққослашда мамлакатдан пастда фақат Озарбайжон турибди — у 111-ўринни эгаллаган.
Марказий Осиёнинг беш давлати алоҳида таққосланганда ҳам Қозоғистон энг юқори натижани кўрсатган. У 72-ўринда жойлашган. Кейинги ўринларда Туркманистон — 74, Қирғизистон — 84, Тожикистон — 89 ва Ўзбекистон — 98-ўринда қайд этилган.
Дания биринчи ўринни эгаллади
Рейтингнинг юқори бешталигидан асосан Шимолий Европа давлатлари жой олган.
Дания 0,939 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Исландия 0,932 балл билан иккинчи бўлган. Норвегия ва Швеция 0,924 баллдан тўплаб, учинчи ўринни бўлишиб олган. Финляндия эса 0,921 балл билан бешинчи поғонадан жой олган.
Рейтингнинг энг қуйи учлигидан Афғонистон, Яман ва Марказий Африка Республикаси ўрин олган. Афғонистон 0,279 балл билан 181-ўринда, Яман 0,323 балл билан 180-ўринда, Марказий Африка Республикаси эса 0,362 балл билан 179-ўринда қайд этилган.
Жоржтаун институти маълумотига кўра, 2025/26 йилги индекс аёллар ҳуқуқлари ва фаровонлиги соҳасидаги глобал тараққиёт сезиларли даражада секинлашганини кўрсатган.
Тадқиқот дунёдаги 181 давлатни қамраб олган бўлиб, унда аёлларнинг нафақат ҳуқуқий ҳолати, балки таълим, иқтисодий имкониятлар, хавфсизлик ва жамиятдаги иштироки каби бир қатор муҳим йўналишлар ҳам комплекс равишда баҳоланган.






























Изоҳлар 0
…