Ўзбекистонда кафе ва меҳмонхоналарда нақд пулга алкоголь сотишга рухсат берилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев кичик бизнес субъектлари учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий муҳит яратишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасига оид қатор енгилликлар муҳокама қилинди.
Тақдимот давомида кафе, ресторан ва меҳмонхоналарда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини нақд пул шаклида сотишга рухсат бериш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтаришда нақд пулсиз тушум улуши бўйича амалдаги талабни бекор қилиш ташаббуси ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, айрим ходимларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, бу чоралар хизмат кўрсатиш соҳасидаги кичик бизнес учун маъмурий юкни енгиллаштириш ва фаолиятни қонуний юритишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, таклиф этилаётган ўзгаришлар 600 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектларининг қонуний ўсиш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Солиқ базасининг шаффофлашиши орқали бюджетга йилига камида 2 триллион сўм қўшимча маблағ тушиши прогноз қилинмоқда.
Шавкат Мирзиёев тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, кичик бизнес учун адолатли ва қулай шароит яратиш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш орқали тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб 28 минг турдаги товар ва хизматлар фақат банк ёки карта орқали сотила бошланган эди. Нақд пулга сотилмайдиган 22 минг турдаги маҳсулотлар асосан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, Фаррух Пўлатов 21 апрель куни Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ресторан ва меҳмонхоналарда алкоголь учун нақд пул тўлашга рухсат бериш бўйича янги тартиб ишлаб чиқилишини маълум қилганди. Унда тадбиркорлар сайёҳлар билан ишлаш жараёнида нақдсиз тўлов сабаб қийинчиликларга дуч келаётганини билдиришган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!