07:49 / 08.02.2022
1 667

Карам шўрва қимматга тушадиган бўлди

Карам шўрва қимматга тушадиган бўлди
East Fruit таҳлилчилари 2021/22 йилги мавсумда Ўзбекистонда картошка, сабзи, лавлаги ва карамнинг рекорд даражада юқори нархлари сабабларини яна бир бор таҳлил қилди.

Нарх ўсишининг сабабларидан бири ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиши бўлса, иккинчиси Россияда уларга бўлган талабнинг ортиши. Январ ойида Ўзбекистонда аксарият маҳсулотлар бўйича нархлар барқарорлашган бўлса-да, феврал ойида нархларнинг ўсиши яна кузатилди. Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида картошка, карам, сабзи ва лавлаги нархи кескин ошган. Фақат пиёз нархи барқарорлигича қолди. Ўзбекистонда бир ҳафта ичида картошканинг улгуржи нархлари 20 фоизга, сабзи эса бирданига учдан бирига ошди.

Келинг, жорий нархлар даражасини 2021 йил феврал ойи бошида Ўзбекистон улгуржи бозорларида қайд этилган даража билан солиштирайлик.

Ўзбекистонда январ-феврал ойларида карамнинг одатдаги нархи бир килограмм учун 0,10-0,20 АҚШ доллари оралиғида ўзгариб турса, айни дамда маҳаллий бозорда улгуржи нархлар ўртача уч баравар қиммат. Ўзбекистонда карам чакана савдода ақлбовар қилмайдиган бир килограмм учун 7,5-8,0 минг сўмдан (кг учун 0,7 доллардан ортиқ) сотилмоқда. Айтганча, Россияда карам нархи ҳам килограммига 65-75 АҚШ центига кўтарилган.

Ўзбекистонда йиллик нарх ўсиши бўйича иккинчи ўринни сабзи эгаллаган. Кузда Ўзбекистонда сабзи нархи Россияникидан ҳам қиммат экани, Ўзбекистон илк бор сабзи импорт қилишга мажбур бўлгани ҳақида East Fruit нашри ёзган эди. Айни пайтда Ўзбекистонда сабзи йилнинг шу даври учун рекорд даражадаги юқори нархда сотилмоқда – 1 килограмми 4000 сўмдан, чакана нархи эса қизил навли сабзи 5000 сўмдан бошланади. Сабзи улгуржи нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 2,7 баробар, 2020 йилга нисбатан қарийб 5 баравар юқори. Ва, шубҳасиз, бу сабзавотлар учун нарх ўсиши чегараси эмас.

Дарвоқе, маълум вақт давомида Ўзбекистонда сабзи нархи Россиядаги нархлар даражасидан пастга тушиб кетган бўлса, эндиликда яна Россия бозоридагидан қимматроқ. Бироқ ҳозирча бу давлатлар ўртасида сабзи савдоси йўқ. Беларусда сабзи нархи бундан ҳам баланд, лекин у ерда Ўзбекистондан сабзи етказиб беришнинг иқтисодий маъноси йўқ, чунки нарх даражаси жуда яқин.

Картошка Ўзбекистонда нафақат йилнинг шу фаслидаги рекорд нархда, балки барча даврлардаги рекорд нархда сотилмоқда. Асосий савол — у ўсишда давом этадими, агар шундай бўлса, қайси даражага кўтарилади?

Айни пайтда Ўзбекистондаги улгуржи савдо компаниялари картошка учун 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 58 фоизга, 2020 йил феврал ойининг бошидагига нисбатан қарийб уч баробар кўпроқ тўлайди. Шунингдек, ҳозир Ўзбекистонда картошка минтақанинг бошқа мамлакатларига қараганда қимматроқ. Бу мавсумда жиддий картошка тақчиллиги кузатилаётган Россияда ҳам ушбу сабзавотлар Ўзбекистонникидан учдан бирига арзонроқ сотилмоқда. Украинада эса картошкани 3,5 баробар арзонга сотиб олиш мумкин.

Ўзбекистонда пиёз бир йил давомида учдан бирига қимматлашган ва йилнинг шу вақтида ҳар қачонгидан ҳам қимматроқ сотилмоқда. Айтганча, пиёз энди сабзавот гуруҳининг энг арзон маҳсулоти бўлиб, сабзи нархининг ярмига сотилади.

Бироқ, бу ерда ва бошқа мамлакатлар бозорларида вазият анча тинч. Россияда пиёзнинг улгуржи нархи бироз ошди, шунинг учун Россия ва Ўзбекистонда пиёз нархи деярли бир хил даражада.

Хуллас нарх ошиши тўхтамаса ўзбекистонликлар учун карам шўрва қимматга тушадиган кўринади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Карам шўрва қимматга тушадиган бўлди