08:43 / 18.10.2024
43

Меҳмет Гўрмез: “Мовароуннаҳр цивилизацияси бўлмаганда эди, бизнинг тараққиётимиз ҳам бўлмасди”

Меҳмет Гўрмез: “Мовароуннаҳр цивилизацияси бўлмаганда эди, бизнинг тараққиётимиз ҳам бўлмасди”
Жорий йилнинг 15—16 октябрь кунлари Хива шаҳрида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Мазкур конференцияда иштирок этган Туркиянинг Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳам маънавий, ҳам иқтисодий ислоҳотларни юксак эътироф этди.

Мовароуннаҳр цивилизацияси

“Дўст ва биродар Ўзбекистонга ушбу муҳим конференцияни ташкил қилгани учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Хусусан, мени ҳам таклиф қилишгани учун алоҳида ташаккур изҳор этаман. Албатта, Ўзбекистон қадимий тарих ва жуда бой тамаддунга эга давлат. Биз буни Мовароуннаҳр цивилизацияси деб атаймиз. Маърузамда ҳам айтиб ўтганимдек, Мовароуннаҳр цивилизациясининг 5та асосий хусусияти бор. Улардан биринчиси ҳақиқий универсал илм тасаввурига эга бўлишдир. Яъни ҳам ижтимоий илмлар, ҳам табиий фанлар, ҳам ислом илмларини бирлаштирган чуқур тафаккурга суяниш.

Ўзбекистон замини бу илмларни ўз ҳаётига татбиқ қилган ислом оламининг энг буюк муаллимларини тарбиялади. Шундай қилиб бу ердан Бухорий, Термизий, Доримий каби буюк ҳадис уламолари етишиб чиқди. Айни пайтда Ибн Сино каби улуғ табиблар, Беруний каби файласуфлар ҳам бўй кўрсатди. Шунингдек, тасаввуф алломалари ҳам шу мўтабар заминда тарбия топди. Бу цивилизациянинг иккинчи муҳим хусусияти шундаки, у жуда кучли методология ишлаб чиқди. Яъни илм хом ашё сифатида Мовароуннаҳрга келганида бу юрт алломалари унга тартиб берди. Уни муайян қонун-қоидаларга айлантириб, илмий йўсинга солди ва дунёга тақдим этди. Шунинг учун ушбу методология илмий жамоатчилик учун жуда ҳам муҳим.

Тасаввуфнинг, яъни маърифат анъанасининг Мовароуннаҳрда тарқалиши, имом Мотуридий ислом дунёсининг асосий ақидавий йўлининг шу ерда такомилга етказгани ҳам бу цивилизациянинг энг катта хусусиятларидан бири ҳисобланади. Мовароуннаҳр цивилизациясининг хусусиятларини санаб тугатиб бўлмайди. Агар сизлар, Ўзбекистон аҳли, ҳар бир буюк олим аждодингиз учун бир институт ё марказ очсангиз, ҳар қанча арзийди. Сиз айни шу тўғри йўлдан бормоқдасиз. Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, имом Мотуридий, имом Термизий марказлари бунга яққол мисол. Агар Ўзбекистон жаҳонга тақдим этган ҳар бир олим учун бир институт очса эди, бу мамлакатдаги ҳар бир хонадон алоҳида бир институтга айланган бўлар эди.

Ўзбекистон — маънавий ва иқтисодий ўсишни бирлаштираётган мамлакат

Мен 15 йил давомида Туркия дин ишлари бошқармасида раҳбар лавозимларида ишладим. Шу даврда Ўзбекистонни яхши танидим. Маърузамда айтганимдек, Ўзбекистоннинг марҳум буюк олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан дунёнинг турли жойларида учрашдик, бирга суҳбат қурдик. Мен юртингизда яқин тарихда дунёнинг кўплаб жойларида кузатилмаган катта ислоҳотлар ҳаракати бошланганини кўряпман. Бу ислоҳотлар икки томонлама бўлиши муҳимдир. Баъзи мамлакатларда улкан иқтисодий жонланиш бор, аммо маънавий жонланиш етишмайди. Баъзи мамлакатларда эса маънавий жонланиш бор, лекин иқтисодий ривожланиш етишмайди.

Ўзбекистон эса иккисини бирлаштирмоқда. Яъни ҳам шаҳарсозлик, ҳам иқтисодий ривожланиш, ҳам маданият жиҳатдан катта ўсишга эга. Шу билан бирга ушбу табаррук заминнинг асосий руҳи ҳисобланган маънавий тикланиш ҳам амалга ошмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки бутун дунёда ўзига хос намуна сифатида кўрсатади. Шунинг учун ҳам мен Ўзбекистон бу ривожланиш йўлини муваффақиятли олиб бораётганини эътироф этаман. Ишончни, иймон-эътиқодни, ахлоқни, илмни, маданиятни, цивилизацияни эътибордан четда қолдирмасдан бирлаштирса, Ўзбекистон ҳақиқий Ўзбекистон бўлади.

Исломнинг мўтадил йўлини тутган замин

Мен муҳтарам президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари бошлаган бу катта ҳаракатга Аллоҳ Таолодан муваффақиятлар ато этишини сўрайман. “Ислом тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция нафақат илмий, балки амалий хусусиятга эга. Ўзбекистон президенти конференция иштирокчиларига табрик йўллагани, уларга ўз фикрларини тақдим қилгани бу тадбирнинг оддий учрашув эмас, балки тинчлик ва эзгуликка йўл очадиган, амалий натижаларга олиб келадиган муҳим лойиҳа эканини кўрсатиб беради. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда, дунёда тинчлик, яхшилик, хайр-баракага сабаб бўлади деб ўйлайман.

Яна бир нарсани айтишим керакки, терроризм, радикализм ва экстремизм каби иллатларнинг энг катта сабаби жаҳолатдир. Диний ва дунёвий билим қанча кам бўлса, одамлар шу қадар бўлинишга мойил бўлади. Бугун дунёда турли можаролар, кўнгилни ғамга соладиган ҳолатлар бўлмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик ва яхшилик ҳақида гапириш муҳимдир. Яна бир жиҳати — ушбу замин ҳеч қачон тафриқага берилмаган. Ҳар доим исломнинг мўтадил йўлини тутган.

Имом Абу Ҳанифа ва имом Мотуридийнинг йўли ана шу йўл эди. Бугунги тадбирда дунё уламоларининг мазкур ҳақиқатни таъкидлаганлари конференциянинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди деб ҳисоблайман. Мовароуннаҳр цивилизацияси бўлмаганида эди, бизнинг тараққиётимиз ҳам бўлмасди. Биз Анадўли, яъни Туркияда сизларни боболаримиз сифатида қадрлаймиз. Биз сизларнинг авлодларингизмиз. Биз отга миниб Анадўлига келдик. Сиз эса Мовароуннаҳрда қолдингиз. Шунинг учун бизнинг ота юртимиз Ўзбекистон билан алоқа ўрнатишимиз жуда ҳам муҳим. Мен Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жанобларини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаноблари билан бирга кўрсам, кўксим тўлиб, кўзимга ёш келади. Чунки икки давлат ўртасидаги алоқани жуда муҳим деб ҳисоблайман. Сўнгги уч йилда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ислом цивилизацияси марказлари мутахассисларининг биз билан ҳамкорлигидан жуда ҳам хурсандман. Умид қиламанки, бу алоқалар давом этади. Сизларни доим дуо қиламан. Барчаси учун катта раҳмат”, деди Меҳмет Гўрмез.

Хива шаҳри, Ислом, Тинчлик ва эзгулик дини, Конференция, Меҳмет Гўрмез, Ўзбекистон

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Меҳмет Гўрмез: “Мовароуннаҳр цивилизацияси бўлмаганда эди, бизнинг тараққиётимиз ҳам бўлмасди”