16:42 / 28.03.2025
1 559

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг собиқ раҳбари ва яна 20 кишига суд ҳукми ўқилди

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг собиқ раҳбари ва яна 20 кишига суд ҳукми ўқилди
2025 йилнинг 3 феврал куни жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ собиқ бошқарув раиси Анвар Жўраев ва яна 20 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Судга жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судяси Умидбек Мусаев масул этиб белгиланган. Бу ҳақда суд ҳукми билан танишган «Газета.uz» хабар берди.

Суд очиқ тарзда ўтди, бироқ жараёнда ҳолатни тасвирга олиш, диктофондан фойдаланиш тақиқланган, ОАВ вакилларига фақат қоғоз ва ручкадан фойдаланишга рухсат берилган эди.

Судда айбланувчиларнинг жиноятлари акс этган 24 та эпизод мавжуд.

Суд ҳукми билан 2024 йилгача пойтахт Транспорт бошқармаси бошлиғи ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраев 3 йил «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бор лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Унга қўйилган айбловлар:
  • Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 184-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
  • 184 прим 1-моддаси 2-қисми (жуда кўп миқдорда бюджет ва смета-штат интизомини бузиш);
  • 205-моддаси 2-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
  • 209-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
  • 227-моддаси 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).

Анвар Жўраев судда берган кўрсатмасида унга қўйилган айбловларга умуман иқрор бўлмаган, талон-торож қилинган эҳтиёт қисмлари ҳолатларидан терговда хабар топганини айтиб ўтган.

Абдужамил Азизов: «Тошшаҳартрансхизмат» собиқ бошқарув раиси ўринбосари Абдужамил Азизов ҳам 3 йил «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Унга қўйилган айбловлар:
  • 167-модда 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 209-модда 2-қисми «а» банди (такроран мансаб сохтакорлиги);
  • 227-модда 1-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).

Абдужамил Азизов ҳам судда айбига умуман иқрор бўлмаган.

Ҳусан Маҳкамов: «Тошавтотаъмирхизмат» раиси Ҳусан Маҳкамов 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан айрилиб, 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Маҳкамов Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-модда 1-қисми (мансабдор шахснинг мансабга совуққонлик билан қараши) ҳамда 209-модда 2-қисми «а» банди (такроран мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топилган.

Аҳмад Алимов: «Тошавтотаъмирхизмат» раиси ўринбосари Аҳмад Алимов ҳам 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У ҳам 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.

Бекзод Ибрагимов: 8-автобус саройининг собиқ раҳбари Бекзод Ибрагимовга 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил 3 ой 3 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланган. У Жиноят кодексининг 167-, 184-, 205-, 209 ва 227-моддасида кўратилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган.

Шуҳрат Аҳмедов: 8-автобус саройи бош мухандиси Шуҳрат Аҳмедовга 2 йил 7 ой 8 кун озодликни чеклаш жазоси берилди. Унга 3 йилга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи чекланган.

Дилшод Тошпўлатов: 1-автобус саройининг собиқ раҳбари Дилшод Тошпўлатов суд залида қамоқдан озод қилинди. Унга ЖКнинг 61-моддаси 2-қисмига асосан Қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинган. У ҳам 3 йил муддатда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида ишлолмайди.

Шоазиз Аширов: 1-автобус саройи раҳбари ўринбосари Шоазиз Ашировга 119 млн сўм жарима қўлланилди. У 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Исмоил Баратов: 8-автобус саройи раҳбари ўринбосари Исмоил Баратовга 3 йил «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 105 млн 875 минг сўм жарима қўлланилди.

Суннат Раҳимбердиев: 8-автобус саройининг омбор мудири Суннат Раҳимбердиев суд залида қамоқдан озод қилинди. У 2 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Нажмиддин Давлатов: «Тошшаҳартрансхизмат» собиқ бошқарув раиси ўринбосари Нажмиддин Давлатов 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилниб, унга нисбатан 51 млн сўм жарима жазоси тайинланган.

Ҳабибулла Музаффаров: «Тошавтотаъмирхизмат» омбори ходими Ҳабибулла Музаффаров 2 йилга тизимда мансаб ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимда ишлаш ҳуқуқидан чекланиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Козимбек Худоёров: 2-автобус саройи бўлим бошлиғи Козимбек Худоёров ҳам суд ҳукми билан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У ҳам 2 йилга тизимда мансаб ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Бахтиёр Шарипов: 8-автобус саройи моддий механиги Бахтиёр Шариповга 9 млн 520 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Суд уни 1 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Равшан Атамуҳаммедов: 1-автобус саройи бош мухандиси Равшан Атамуҳаммедовга 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Исломбек Ибрагимов: 1-автобус саройи омбор мудири Исломбек Ибрагимов 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой муддатга озодлиги чекланган.

Наргиза Абдураҳмонова: 8-автобус саройи ишлаб чиқариш бўлими мухандиси Наргиза Абдураҳмоновага 3 йил муддатга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган.

Шунингдек, 8-автобус саройи навбатчи механиги Қобил Носировга 22 млн 100 минг сўм, 8-автобус саройи навбатчи механиги Равшан Баировга 25 млн сўм, 1-автобус саройи навбатчи механиги Фахриддин Зокиржоновга 23 млн 800 минг сўм ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳаракат хавфсизлиги бўлими етакчи мутахассиси Достонбек Алимбековга 97 минг 500 сўм жарима жазоси тайинланган.

Уларнинг ҳар бири Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 28, 209-моддаси 2-қисми «а» банди (жиноятни бажарувчи билан бир қаторда такроран мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилган.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг:
  • Анвар Жўраев, Абдужамил Азизов, Ҳусан Маҳкамов, Аҳмад Алимов, Ҳабибулло Музаффаров, Козимбек Худоёровдан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 2 млрд 146 млн 309 минг сўм;
  • Анвар Жўраев, Абдужамил Азизов, Бекзод Ибрагимов, Шуҳрат Аҳмедов, Исмоил Баратов, Нажмиддин Давлатов, Дилшод Тошпўлатов, Шоазиз Аширов ва Равшан Атамуҳаммедовлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 905 млн 800 минг сўм;
  • Абдужамил Азизов, Бекзод Ибрагимов, Шуҳрат Аҳмедов, Суннат Раҳимбердиев, Бахтиёр Шариповлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 66 млн 251 минг сўм;
  • Дилшод Тошпўлатов, Равшан Атамуҳаммедов ва Наргиза Абдураҳмонова ва Бекзод Ибрагимовлардан солидар тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фойдасига 196 млн 471 минг сўм;
  • Бекзод Ибрагимовдан вазирлик фойдасига 66 млн 654 минг сўм ундириш белгиланган.

Шунингдек, ДХХ молия-иқтисод бошқармасига топширилган жами 23 минг АҚШ доллари ва 629 минг сўм пул, Судларни моддий-техник таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига топширилган жами 56 млн 885 минг сўм пул, «Тошавтотаъмирхизмат» УК ҳисоб рақамига квитанциялар асосида топширилган жами 98 млн 25 минг сўм пул Иқтисодиёт ва молия вазирлигига етказилган моддий зарарни қоплаш учун қаратилган.

Ҳозирда адвокатлар апелляция шикоятлари киритган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият