Навоийда даҳшатли ЙТҲ: Tico ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Навоийда даҳшатли ЙТҲ: Tico ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Навоий вилоятининг Нурота туманида содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисаси бир инсон умрига зомин бўлди. Tico ва Sinotruk русумли юк автомобили иштирокидаги тўқнашув оқибатида енгил машина ҳайдовчиси вафот этди.

Маълум қилинишича, фожиа 3 июнь куни эрталаб соат 08:30 атрофида “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Д-191 Қизилқум ҳалқа автомобиль йўлининг 86-километрида рўй берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Tico бошқарувида бўлган ҳайдовчи иккинчи даражали йўлдан асосий қатнов қисмига чиқиш вақтида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган ва асосий йўлда ҳаракатланаётган Sinotruk юк машинасига йўл бермаган. Натижада икки транспорт воситаси ўртасида кучли тўқнашув содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси оғир жароҳатлар билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига олиб борилган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Мазкур ЙТҲдан сўнг маҳалла аҳолиси иштирокида учрашув ташкил қилиниб, йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, фуқаролар томонидан билдирилган йўл инфратузилмасини яхшилашга оид таклифлар юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли вазифалар юклатилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар