« Бўлажак хотинимни уриш учун машқ қиляпман»: спортчига йирик жарима солинди

Ижтимоий тармоқда бўлажак хотинига нисбатан зўравонликни тарғиб қилувчи видео жойлаган спортчига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. Жорий йилнинг 26 июл куни «Немолчи» лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко ички ишлар органларига мурожаат қилиб, «Салах» тахаллуси билан танилган спортчининг ҳолатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган. 27 июл куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур маъмурий иш кўриб чиқилиб, спортчи ўз айбини тан олди.
Ижтимоий тармоқда бўлажак турмуш ўртоғига нисбатан зўравонликни ҳазил тарзида тарғиб қилувчи видео жойлаштирган спортчига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 июль куни «Немолчи» лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко ички ишлар органларига мурожаат қилиб, «Салах» тахаллуси билан танилган спортчи Instagram саҳифасида зўравонликни тарғиб этувчи видеони эълон қилганини билдирган ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Суриштирув давомида аниқланишича, спортчи машғулот жараёни акс этган видеони ижтимоий тармоққа жойлаб, унга: «Келажакда хотиним фақат аниқ зарбаларни қабул қилиши учун машқ қиляпман», мазмунида изоҳ қолдирган.
Ваколатли идоралар ушбу постни тазйиқ ва зўравонликни тарғиб қилувчи контент сифатида баҳолаган.
27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида мазкур маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд мажлисида спортчи ўз айбини тан олган, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.
Суд қарорига кўра, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1-моддаси — тазйиқ, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилди.
Натижада спортчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараварига тенг — 24 миллион 720 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.






























Изоҳлар 0
…