Андижондаги хусусий боғчада болаларни ҳақорат қилган тарбиячи ишдан бўшатилди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячининг тарбияланувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлаётгани акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Лавҳада болалар стол атрофида ўтирган пайтда тарбиячининг уларга нисбатан ҳақоратли ва одоб-ахлоқ меъёрларига зид сўзларни ишлатаётгани тасвирланган.
Аниқланишича, ушбу ҳолат Андижон тумани “Дарёбўйи” маҳалласида фаолият юритувчи нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолат юзасидан муносабат билдириб, тарбиячининг педагогик одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузгани аниқланганини маълум қилди. Шу сабабли у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Айни пайтда воқеа юзасидан тегишли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолатнинг барча тафсилотларига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинган.






























Изоҳлар 0
…