Жомбойда келиннинг аёвсиз калтакланиши бўйича расмийлар баёнот берди

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида аёлнинг оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилгани ва унга нисбатан зўравонлик қўллангани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жабрланган аёлнинг отаси куёви аввал ҳам қизига тан жароҳати етказгани, бу гал еса у юзи ва танасининг турли жойларидан жароҳатланиб, қариндошлари томонидан канал устидаги кўприк яқинида қолдириб кетилганини маълум қилди.
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида аёлнинг оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Жабрланган аёлнинг отаси ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқиб, қизига нисбатан зўравонлик қўлланганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан Жомбой тумани ҳокимлиги ҳам расмий муносабат билдирди.
Аёлнинг отасига кўра, куёви аввал ҳам қизига тан жароҳати етказган. Унинг айтишича, уч ой муқаддам қизининг жағи ва тишлари шикастланган бўлса-да, уч нафар фарзанди борлиги сабабли оила муросани афзал кўрган. Шунингдек, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам хабардор бўлгани таъкидланган.
Отанинг иддаосига кўра, бу гал аёлнинг юзи ва танасининг турли жойларига жароҳат етказилган. Шунингдек, у қизини касалхонага олиб бориш ўрнига қайнонаси ва бошқа қариндошлари томонидан босимга учратилгани ҳамда канал устидаги кўприк яқинида қолдириб кетилганини айтган. Бу даъволар ҳозирча расмий тарзда тасдиқланмаган.
Жомбой тумани ҳокимлиги маълум қилишича, ҳолат юзасидан зудлик билан текширув ишлари бошланган. Туман ҳокими Хуршид Назаров, ички ишлар бўлими бошлиғи Маъруф Шермуҳаммедов ҳамда профилактика инспектори иштирокида воқеа назоратга олинган.
Расмий маълумотга кўра, айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра, воқеага ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилди.
Шунингдек, жабрланган аёл шифохонага жойлаштирилган бўлиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан барча жараёнлар назорат остида давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…