15:21 / 31.08.2018
4 286

Хорижлик ишбилармонлар, давлат ва жамоат арбобларига Ўзбекистон давлат мукофотлари топширилди

Хорижлик ишбилармонлар, давлат ва жамоат арбобларига Ўзбекистон давлат мукофотлари топширилди
31 август куни мамлакат тарихида биринчи марта чет элликларга Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

– Бугун кўпмиллатли халқимиз Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди Президент. – Ушбу шонли тарихий санани биз билан биргаликда мамлакатимизнинг чет эллардаги кўп сонли дўстлари ва шериклари – давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, йирик хорижий компаниялар ва молия институтлари вакиллари байрам қилаётгани бизни қувонтиради.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистон фаол ва очиқ ташқи сиёсат юритмоқда. Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Япония, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқалар жадал ривожланмоқда. Жаҳоннинг етакчи компаниялари, банк ва консорциумлари, халқаро бизнес тузилмалари мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

– Биз шерикларимизнинг Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга, йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, ижтимоий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қўшаётган катта ҳиссасини юксак қадрлаймиз, – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев таниқли ҳамюртимиз, Россиянинг “USM Holding” акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усмановга “Эл-юрт ҳурмати” ордени, Россиянинг “ЛУКОЙЛ” очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов ҳамда Германиянинг “КНАУФ” корхоналари гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси Николаус Кнауфга “Дўстлик” орденларини топширди.

Шунингдек, Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзода, ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинга “Фидокорона хизматлари учун” орденлари топширилди. Ўзбекистон билан Тожикистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган маданият, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларига фармонга мувофиқ орден ва фахрий унвонлар берилди.

– Бундай маросим мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўтказилди. Ўйлайманки, ҳамжиҳатлигимиз, бағрикенглигимиз ифодаси бўлган бу тадбир анъанага айланиб қолади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам ривожланиб, самимий дўстлигимиз ва ўзаро англашувимиз халқимиз фаровонлигига хизмат қилади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мукофотланганлар юксак эътибори, хорижлик инвесторларни қўллаб-қувватлаётгани учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хорижлик ишбилармонлар, давлат ва жамоат арбобларига Ўзбекистон давлат мукофотлари топширилди