10:30 / 14.02.2019
7 062

Фарғонада ўғил Damas, ота пора билан қўлга тушди

Фарғонада ўғил Damas, ота пора билан қўлга тушди
Автомобиль транспорти агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси инспектори М. Акбаров Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Боғдод тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Унда таъкидланишича, 2018 йилнинг 19 октябрида ўзи фаолият юритаётган бошқарма ҳамда Бувайда тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари ҳамкорлигида қўшма рейд ўтказилган. Йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбир давомида бувайдалик С. Т. ўзига тегишли бўлган Damas автомашинасида амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётгани маълум бўлган ва унга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, автомашина жарима майдончасига олиб кирилган.

Воқеанинг қизиғи эртаси куни содир бўлади. Йўловчи ташиш қоидасини бузган ҳайдовчининг дадаси У. Қ. М. Акбаровга телефон қилиб, ўғлининг ишида «ёрдам» қилса, 500 минг сўм миқдорида «чойчақа» беришини айтади. Агентлик ходими бу таклифни рад этгач, У. Қ. бошқа важларни келтира бошлайди. Гўёки жарима майдончасидаги автомашинани зудлик билан сотиши керак бўлиб қолган, шунинг учун Damas майдончадан олиб чиқилиши керак. Фуқаро телефондаги суҳбати давомида М. Акбаровнинг «ҳожатбарорлиги»ни 100 АҚШ долларига баҳолайди.

У. Қ. деярли ҳар куни телефон қилиб, автомашинани жарима майдончасидан олиб чиқишда ёрдам беришини сўраб, М. Акбаровни ҳоли-жонига қўймайди ва агентлик ходими бу ҳақда департаментнинг Боғдод тумани бўлимига мурожаат қилади.

26 октябрь куни У. Қ. Боғдод шаҳарчасига келиб, агентлик ходими билан холи жойда учрашади ва юқоридаги «хизмат» учун М. Акбаровга 100 АҚШ доллари миқдорида пора бераётган вазиятда қўлга олинади.

Жорий йилнинг 16 январь санасида жиноят ишлари бўйича Боғдод тумани суди биносида Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан У. Қ.ни айблаш ҳақидаги жиноят иши кўриб чиқилди ва унинг жиноий қилмиши дастлабки тергов органи томонидан тўғри квалификация қилинган, деб топилди.

Суд судланувчига нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади. Шунингдек, М. Акбаровга пора тариқасида таклиф қилинган 100 АҚШ доллари давлат даромадига ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада ўғил Damas, ота пора билан қўлга тушди

Жамият янгиликлари