22:17 / 07.08.2019
3 099

Акмал Саидов: «Мактабларни пулли қилиш — Конституцияни бузиш»

Акмал Саидов: «Мактабларни пулли қилиш — Конституцияни бузиш»
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори ижроси юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Акмал Саидов болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида турар жой ва фуқаролигидан қатъий назар барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши кафолатланишини таъкидлади.

«Мен бир масалада алоҳида тўхталишни истар эдим: сўнгги вақтда ижтимоий тармоқ ва аҳоли ўртасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган умумтаълим мактабларининг пулли қилиниши ва шу каби масалаларнинг барчаси — асоссиз даъво. Конституциямизнинг 41-моддасида айнан Ўзбекистонда умумтаълим мактаблар бепул эканлиги кўрсатилган. Асосий қонунни бузиш, унга қарши ишлаш асло мумкин эмас», — деди Акмал Саидов.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорида Тошкентдаги 81 та мактабда 1-синфга қабул учун тажриба сифатида пулли қабулни кўзда тутувчи янги тизим жорий қилиниб, танлаб олинган мактабларга қабул асосий ва қўшимча квота асосида ташкил этилиши белгиланган эди. Қўшимча квота учун ота-она пул тўлаши айтилган.

Қўшимча квота бўйича умумтаълим муассасаларига қабул қилиш учун бир болага нисбатан назарда тутилган ҳолатларнинг ҳар бир банди бўйича ота-оналарнинг ихтиёрий розилиги асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик йиғимлар ундирилиши кўзда тутилган эди. Ушбу қарор кенг жамоатчилик эътирозлари ва муҳокамасига сабаб бўлгач, 81 та мактабда қўшимча квота бўйича пуллик қабул амалга оширилмайдиган бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Акмал Саидов: «Мактабларни пулли қилиш — Конституцияни бузиш»