00:23 / 22.07.2020
3 567

«Давлат жуда қийин танлов орасида қолганди» – Алламжонов хориждаги ватандошларнинг олиб келиниши ҳақида

«Давлат жуда қийин танлов орасида қолганди» – Алламжонов хориждаги ватандошларнинг олиб келиниши ҳақида
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, айни кунларда «Tez yordam» дастурини олиб бораётган Комил Алламжонов дастурнинг 21 июлдаги сонида хориждаги ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш масаласида ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Давлат жуда ҳам қийин танлов орасида қолганди. У фуқароларни ҳам олиб келмасликнинг иложи йўқ. Сувсиз, уйсиз, овқатсиз чегарада қолиб кетган, аросатда қолган қанча фуқаролар олиб келиняпти. Олиб келмайлик десак, улар ҳам бизларнинг фуқароларимиз. Олиб келсак, бу ерда ҳам фуқароларимиз. Жуда оғир вазият.

Бу бало келди. Ҳамма ҳаракат қилди ва ҳамма ҳаракат қилмоқда. Бутун дунёга тарқаган нарса барибир бизга ҳам кириб келарди. Фуқароларни олиб келиш нотўғри бўлди, деган фикрдан мен қочган бўлардим. Чунки давлат раҳбари учун ҳар бир фуқаро – у юрт ичида бўладими, юртдан ташқаридами, муҳим. Масалага эҳтиёткорлик билан баҳо бериш керак. Тўғри ё нотўғри қилди дейишдан олдин шу ўринга ўзини қўйиб вазиятга кириб кўриш керак
», – деди Алламжонов.

Иммунолог-инфекционист, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаеванинг ҳисоблашича, хориждан олиб келиниб, карантинга жойлаштирилган фуқаролардан олинган ПЗР тестлари натижалари хато бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

«Март ойида жорий қилинган карантин ўринли бўлди, шу туфайли апрель ойида Ўзбекистоннинг аҳолиси «тоза» қолди. Лекин «тоза» популяциянинг устига беморлар кела бошлади – чет элдан фуқароларни қайтариш бошланди. Улар карантинда ўтирди, лекин олинган ПЗР тест натижаси ёлғон манфий чиққан бўлса ҳам, соғсан, деб қўйиб юборишган бўлиши мумкин. Улар касалликни симптомсиз кечириб, вирусни тарқатиб юраверган. Бу касалликнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлди», – деди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш таклифи билан чиққан.

«Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса, бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади», – деган сиёсатчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Давлат жуда қийин танлов орасида қолганди» – Алламжонов хориждаги ватандошларнинг олиб келиниши ҳақида