19:35 / 09.09.2020
548

Судлар фаолияти рақамлаштирилади

Судлар фаолияти рақамлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли Қарори қабул қилинганлиги, судлар тизимидаги фаолиятни янада такомиллашишига асос бўлади десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилмоқда.

Мазкур Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига турли хил енгилликларни берувчи яъни «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши белгиланган. Хусусан:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш каби устувор йўналиш белгилаб ўтилган.

Шунингдек, Қарорда ҳудудларда судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктириши белгиланган.

Шу билан бирга, Олий суд Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш юзасидан ҳудудлар кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқланиши кўрсатилган.

Ушбу Қарорда, нафақат суд тизими фаолиятини такомиллаштириш балки суд аппарати ходимларининг касб маҳоратини, рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш каби олий мақсад ётади.

А.Н.Ибодов
Жиноят ишлари бўйича
Навбаҳор туман судининг раиси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)