17:00 / 21.09.2020
1 227

Шавкат Мирзиёев: «Ўктамжон забардаст, фидойи, ватанпарвар инсон эди...»

Шавкат Мирзиёев: «Ўктамжон забардаст, фидойи, ватанпарвар инсон эди...»
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев 20 сентябрь куни оғир хасталик туфайли вафот этган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўктам Барноев меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Бухоро вилоятида бошлаган. Кейинчалик Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида, Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. 2008-2010 йилларда Самарқанд, 2016-2020 йилларда Бухоро вилояти ҳокими бўлган. У жорий йилдан Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Ўктам Барноевнинг деярли бутун фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги билан боғлиқ бўлди. У ушбу соҳадаги ислоҳотларини амалга оширишда асосий ижрочилардан бири эди. Бу йўлда барча билим, тажриба ва кучини сафарбар қилди. Аграр тармоқни диверсификация қилиш, бозор механизмлари ва кооперация тизимини жорий этиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, ҳосилдорликни ошириб, озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Давлатимиз раҳбари бугун марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.

Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!

Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади. Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимизга осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдилар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)