22:10 / 07.11.2020
2 456

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш якунида тиббиёт ходимларини яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Қадрли дўстлар!

Бугунги йиғилишимизда кун тартибидаги масалалар бўйича чуқур ва атрофлича фикрлашиб, олдимизда турган энг муҳим ва асосий вазифаларни сизлар билан яна бир бор аниқ белгилаб олдик.

Албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги барча ислоҳотларимиз натижаси, аввало тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати, билим ва тажрибасига, уларнинг инсоний фазилатлари ва ватанпарварлигига боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг барчангизга мурожаат қилиб айтмоқчиман. Ҳозирги шиддатли замонда барча соҳалар қатори тиббиёт тизими олдида ҳам, ғоят мураккаб вазифалар пайдо бўлмоқда Оқ либос кийган, инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими, ўз билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда.

Аминманки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар.

Бутун халқимиз қатори бугунги оғир синовлардан ёруғ юз билан мардона ўтаётган, замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлган сиз, тиббиёт ходимлари билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.

Сизларнинг машаққатли меҳнатингизни муносиб қадрлаш, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг рақобатдошлигини ошириш, хорижий тиббиёт марказлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари - доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Бугунги йиғилишимиз, юртимизда кенг нишонланаётган қутлуғ байрам – Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилмоқда.

Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят олижаноб ва масъулиятли ишга бағишлаган жонкуяр шифокорларимизни, барча соҳа ходимларини байрам билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун бошимиздан ўтказаётган синовлар, соғлиқни сақлаш соҳаси - инсон ҳаётида қандай улкан аҳамиятга эга эканини, яна бир бор кўрсатиб берди.

Эл-юртимиз сиз, азиз шифокорларни ана шундай бебаҳо бойлик ва салоҳиятни асраб-авайлаш учун бутун билим ва маҳорати, куч-ғайратини сафарбар этиб келаётган дунёдаги энг улуғ касб эгалари, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади.

Сизлар муқаддас қасамёдингизга содиқ бўлиб, буюк Ибн Синога муносиб ворислари сифатида майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга лойиқдир.

Пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга юртимиз бўйича 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилди.

Бугун барчамиз бир ҳақиқатни чуқур миннатдорчилик билан таъкидлаймиз: жонкуяр шифокорларимиз пандемия вақтида, аввало бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, ўзларини аямасдан, азиз жонларини гаровга қўйиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатдилар.

Бунинг қандай оғир иш эканини барчамиз албатта яхши биламиз ва сизларнинг фидокорона меҳнатингизни юксак қадрлаймиз.

Олижаноб шифокорларимиз, улар кўрсатаётган жасорат ва матонат ҳақида ҳали кўплаб шеър ва достонлар, китоблар ёзилади, саҳна ва кино асарлари яратилади.

Биз ишонамиз, бугунги белгиланган вазифаларни ҳам бизнинг барча бўғинда фаолият олиб бораётган шифокорларимиз фидойилик ва матонат билан, бор билим ва тажрибаларини ишга солиб, албатта уддалайдилар.

Халқимиз учун энг катта бойлик бўлган "саломатлик"ни сақлашда, Ҳақиқатда жонбозлик кўрсатадилар.

Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод Этиб,барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Сизларга ҳамиша омад ёр бўлсин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади