12:53 / 11.02.2021
1 547

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталига такроран жойлаштирилганлигини маълум қилади.
Мазкур лойиҳа 2020 йилнинг октябрь ойида биринчи марта жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга юборилган бўлиб, келиб тушган таклифлар асосида янада такомиллаштирилди.

Лойиҳа 2 қисм, 71 та боб ва 1190 та моддадан иборат бўлиб қуйидаги мазмундаги ўзгаришларни назарда тутади:
алоҳида қонунлар билан батафсил тартибга солинган муносабатлар (интеллектуал мулкка оид махсус қоидалар, юридик шахсларнинг ҳуқуқий мақоми ва бошқа) ва бир-бирини такрорловчи нормаларни чиқариб ташлаш, янги тушунчаларни киритиш ҳамда мавжудларини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш;

шахсий ҳуқуқларнинг фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида фуқаронинг тасвирини ошкор қилиш ва ундан фойдаланиш (фотосурат, видеоёзув ва бошқалар) фақат фуқаронинг розилиги билан амалга ошириш мумкинлиги, фуқаронинг шахсий ҳаёти, шу жумладан унинг келиб чиқиши, яшаш жойи, шахсий ва оилавий ҳаёти тўғрисидаги ҳар қандай ахборотни йиғиш, сақлаш, тарқатиш ва фойдаланишга унинг розилигисиз йўл қўйилмаслигини белгилаш;

мулк ҳуқуқининг тенг ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида мулкни хусусий ва давлат мулкига ажратувчи нормаларни (оммавий мулк, республика мулки, муниципал мулк) бекор қилиш, кўчмас мулк давлат реестрига ишониб битим тузган инсофли эгалловчидан мулкнинг қайтариб олинмаслигини назарда тутиш, янги турдаги ашёвий ҳуқуқ турлари, яъни қурилиш қилиш ҳуқуқи (суперфиций), узуфрукт (шахсий фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи) кабиларни киритиш;

Тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторлар фаолияти учун қулайликлар яратиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида:
тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан ҳам амалга ошириш қонун ҳужжатлари билан назарда тутилиши мумкинлиги ҳақидаги қоидани киритиш;

чет эл юридик шахсларига Ўзбекистонда ўз филиалини рўйхатдан ўтказиб, филиал орқали қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай тадбиркорлик (хўжалик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш;

тижорат ташкилоти бўлган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг аниқ рўйхатини белгилаб қўйиш, хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона, оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси каби бозор иқтисодиёти қоидаларига мос бўлмаган ташкилий-ҳуқуқий шакллардан воз кечиш;

юридик шахсларни оммавий ҳуқуқ ва хусусий ҳуқуқ юридик шахсларига ажратиш, хусусий ҳуқуқ юридик шахслари барча турдаги фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкинлиги, уларнинг фуқаролик ҳуқуқ лаёқати фақат суднинг қарори билан чекланиши, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асослар эса фақат қонун билан белгиланишини мустаҳкамлаб қўйиш;

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш учун имконият яратиш мақсадида фуқаролик қонун ҳужжатларининг виртуал макон (интернет)да вужудга келадиган муносабатларга ҳам татбиқ этиш, электрон ёки бошқа техник воситалар ёрдамида тузилган битимларни ёзма шаклга тенглаштириш, электрон алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни сотишнинг, рақамли пул (криптовалюта) муомаласининг асосий қоидаларини белгилаш;

шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш, жумладан шартнома тузиш эркинлигини кенгайтириш, уларнинг барқарорлигини кучайтириш, шартнома тузишга мажбурлаш тартибини тугатиш, янги шартнома турларини (опцион, қайтиб сотиб олиш шарти билан тузилган олди-сотди шартномаси, туристик хизматлар кўрсатиш, дистрибьюторлик шартномаси, агентлаш, эскроу) муомалага киритиш;

фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, жумладан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларига етказилган зарар (ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда) ва маънавий зиённи қоплаш механизмларини аниқлаштириш, бунда ҳалоллик ва адолатлилик тамойилларини кучайтириш;

Ўзбекистоннинг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида назарда тутилган бошқа ўзгартиришлар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши қуйидаги натижаларга олиб келиши кутилмоқда:
- иқтисодиётни янада либераллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
- иқтисодиётда давлатнинг иштирокини қисқартириш;
- мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясининг кучайтирилиши ва иқтисодиётда хусусий мулкнинг устувор ролини таъминлаш;
- ишбилармонлик муҳитини ва инвестицион иқлимни яхшилаш;
- мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш;
- 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган бошқа вазифаларни бажариш.

Дилдора Анварова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди