15:05 / 26.04.2021
2 393

Биз қандай рўзадормиз?


Шаҳарда ижарада яшайдиган синглиси ойлик маошининг ярмидан кўпини ижара ҳақига тўлаб, болаларига тансиқ егулик едиролмайди. Ака отасининг хотирасига ифторлик қилиб, дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдирди. Йўл кирага пул тополмай отасининг хотираси учун қилинган эҳсонга бора олмагани учун синглисидан ёзғириб, ранжиди...

“Фалончининг ўғиллари ҳар ёзда онасини санаторияда даволанишга жўнатар экан. Менга ўхшаб оёқлари оғрирди, “Болаларим барака топишсин, санаторияга кетма-кет уч йил даволангандим, кўрмагандай бўлиб кетдим” деди. Қанийди, мен ҳам шу дарддан халос бўлсам-а...” дейди она бояқиш ўғлининг оғзига умидвор термулиб. Ўғилнинг қулоқларига гап кирмайди; ифторлик дастурхони ёзиб, унга номдор аҳли илмларни даъват қилиш ҳаракатида юрибди...

Қўшниси жўжабирдек жон. Тўрт бола, эр-хотин кафтдеккина томорқадан оладиган даромаду, уч-тўрт қўй-қўзи, сигир-бузоқ боқиб тирикчилик қилади. Аёл саратон хасталиги билан оғриган. Дори-дармони, кимёвий муолажаси фалон пул. Бояқиш болаларини ўйлаб ҳар доим ҳам даволанишга пул ажратолмайди. Бадавлат қўшни рўзадор. Бир неча марта ифторликлар уюштирди. Савоб излади. Аслида унга муштоқ савоб бир девор нарида эди...

Луқма
—  Писмадончибой, эртага ифторлик қиляпмиз, ўтинг-а?
—  Хўп, ака, соат неччида?!...


Имкон қадар рўзанинг маънавий–моддий фойдалари ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Энди ўзимизни бир тафтиш қилсак, замондош. Биз қандай рўзадормиз? Ниятимиз ва амалимиз билан ибодатимизга путур етказиб қўймаяпмизми? Рўзани холис Аллоҳ учун, Унинг мукофотидан умид қилиб  тутяпмизми? Ўрганиб қолган тилимиз ғийбатга кетиб очу ташналик билан кунни ўтказмаяпмизми?

Уйқусизлик, очлик ва чанқоқлик машаққати сабабли қош-қовоғимизни ўйиб, баджаҳл, ҳорғин ҳолатда юриб рўзага иддао қилмаяпмизми? Муборак Рамазон ойида таниш-билишлар билан учрашиб қолганда, ижтимоий тармоқларда мулоқотда бўлганимизда бир-биримиздан “Рўзалар билан чарчамаяпсизми?” деб ҳол сўраймиз.

Рамазонга, рўзага маломат қилинаётгандек эмасмикан бу меҳрибончилигимиз? Ифторлик қилиш иддаоси билан болаларимизнинг ризқидан қиймаяпмизми? Савобни узоқдан излаб, шундоқ ёнгинамизда турган икки дунёимизни обод қилишга етгулик савобдан бебаҳра қолмаяпмизми? Ҳар куни саҳарликда “Холис Аллоҳ учун Рамазон ойи рўзасини субҳдан то кун ботгунгача тутмоқни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир!” дея тилда ният қилиб, амалимиз билан уни инкор қилмаяпмизми?

Рўза ибодатини урф, парҳез ва яна аллақандай “авторитет”лар учун тутишга ўзимизни мажбурламаяпмизми? Мулоҳаза қилинг, замондош, рўзадан мақсад — тақво. Очу яланғочлар, муҳтожу мискинлар ҳолини ҳис этиш билан неъматларга шукрона айтиш ва иймон лаззати, ибодат ҳаловатидан баҳрамандлик билан Аллоҳга яқин бўлишдир рўзанинг асл моҳияти.

Биз уни қандай тушуняпмиз ва нечоғли адо эта оляпмиз?
Бу саволларга дуч келганида ўзидан, виждонидан уялмаганларга, қалби ва Раббининг ҳузурида юзи ёруғларга Рамазон ҳаловати бардавом бўлсин! Рўзанинг иймоний лаззати икки дунёда сизни тарк этмасин!

Умида АДИЗОВА

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Биз қандай рўзадормиз?