16:17 / 19.08.2021
2 657

Афғонистондаги чет эл фуқароларининг Тошкент орқали эвакуация қилиниши

Афғонистондаги чет эл фуқароларининг Тошкент орқали эвакуация қилиниши
Фото: Видеодан кадр
Ўзбекистон фуқароларни Афғонистондан авиация транспортида Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит йўли билан Германияга эвакуация қилиш бўйича ёрдам бермоқда. Белгиланган фуқароларнинг эвакуация қилинишини таъминлаш учун Ўзбекистон томони алоҳида терминал ажратди. Шу сабабли «Тошкент-3» аэропорти номаълум муддатга ёпилди. «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида эвакуация қилиш жараёни намойиш этилди.

Қайд этилишича, айни пайтда Тошкент аэропорти транзит вазифасини ўтаётгани боис Афғонистондан келганларнинг ҳаракатланишига рухсат берилмайди. Германия рейслари Тошкентдан йўловчи рейслари орқали олиб кетгунига қадар эвакуация қилинганларнинг ҳеч бири шаҳарга чиқмайди.

«Ўзбек халқига, ўзбек миллатига катта раҳмат. Бизлар олдин ҳам Ўзбекистонга келганмиз, аммо бундай келганимиз йўқ. Бундай келишимизнинг сабаби Афғонистондаги вазият. Кўп қийинчилик билан келдик бу ерга. Биз жуда миннатдормиз ўзбек давлатига. Бизларни шундай очиқ кўнгил билан кутиб олдилар. Шароитлар ҳам бор. Овқат, тиббий хизмат, болаларга хизмат бор — ҳамма шароитлар бу ерда бор. Бунинг учун биз катта раҳмат деймиз», — дейди эвакуация қилинган фуқаролардан бири телеканал мухбирига.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Uzbekistan Airways самолёти 19 август, пайшанба куни Афғонистондан аввалроқ эвакуация қилинган фуқароларни Тошкентдан Франкфурт Майнга етказди. Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, самолётда 200 дан ортиқ йўловчи бўлган. Пайшанба куни тушдан кейин улар ҳарбий самолётда Кобулдан 211 кишини олиб кетишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб, Тошкент орқали эвакуация қилинганлар сони 900 кишидан ошди. Бундан аввал эвакуация қилинганларни фақат Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси самолётлари олиб кетаётган эди.

Таъкидланишича, Кобулда хавфсизлик ҳолати бунга имкон бергунига қадар эвакуация ишлари давом эттирилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Афғонистондаги чет эл фуқароларининг Тошкент орқали эвакуация қилиниши