Қаршида 19 ёшли йигит профилактика инспекторлари томонидан калтаклангани айтилмоқда (видео)

Қаршида 19 ёшли йигит профилактика инспекторлари томонидан калтаклангани айтилмоқда (видео)

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида 19 ёшли йигит профилактика инспекторлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар ва видеолар тарқалди. Йигитнинг яқинлари ходимлар уни кўчада тўхтатиб, куч ишлатганини иддао қилмоқда.

Йигитнинг опаси сўзларига кўра, укаси ишга кетаётган пайтда икки нафар профилактика инспектори томонидан тўхтатилган. Уларнинг йигитга унинг ташқи кўриниши шубҳали экани ва «террорчига ўхшаши»ни айтгани билдирилмоқда.

Опасининг айтишича, укаси воқеани телефонига тасвирга олмоқчи бўлганида, ходимлар унга нисбатан куч ишлатган. Йигит қўшнилар кўз ўнгида бўғилгани ва кейин хизмат автомобилига мажбуран олиб кетилгани таъкидланган.

Шунингдек, йигитнинг қўлига кишан солингани ва ундан тушунтириш хатига имзо қўйиш талаб қилингани айтилмоқда. Яқинларининг маълумотига кўра, ҳужжатда йигит ходимларни ҳақорат қилгани ҳамда уларга қаршилик кўрсатгани қайд этилган.

Тарқалган кадрларда 19 ёшли йигитнинг юзида кўкаришлар, боши ва бурнида жароҳатлар, орқа ҳамда елка қисмида зарба излари кўрингани айтилмоқда. Шунингдек, сочлари юлингани ҳақида ҳам даъволар мавжуд.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб хабар берилишича, мазкур воқеа бўйича Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ҳозирча воқеанинг барча тафсилотлари, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани ёки йигитнинг жароҳатлари қандай шароитда юзага келгани бўйича расмий якуний хулоса эълон қилинмаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар