22:37 / 14.09.2021
1 519

Адлия вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ахбороти эшитилди

Адлия вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ахбороти эшитилди
Бугун, 14 сентябрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда адлия вазири Р.Давлетовнинг жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳолати бўйича ахбороти эшитилди. Адлия вазири ўз ахборотида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишда нималарга эътибор қаратиш бўйича бир қатор масалаларга тўхталиб ўтди.

Биринчидан, амалга оширилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг қанчалик самара бераётганини дарров баҳолаш ва ўлчашнинг имкони чекланган бўлсада, охирги пайтдаги олиб борилган очиқлик сиёсати аҳолимизнинг ҳуқуқий онгини карра-карра кўтарди.

2016 йилда Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасига, 1 ойда зўрға 200 минг одам ташриф буюрарган бўлса, ҳозирга келиб 1,5 млн одам бир ойда Lex.uzдан фойдаланяпти, яъни ҳуқуқини танияпти. Бундан кўринадики аҳолининг ҳуқуқий онги юксалиб, талаби ва эҳтиёжи кундан кунга ошиб бормоқда.

Иккинчидан, инсонларга қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш учун улар реал ҳаётида ҳам шунга гувоҳ бўлиши лозим, яъни адолат таъминланаётганини ва жазо муқаррар бўлаётганлигини кўриб ишониши ҳам муҳим.

Адлия вазирлиги бу борада қатор акциялар ўтказмоқда. Хусусан, “Фермерга мадад” акцияси доирасида фермерлар билан шартномавий муносабатларда жами 156 223 та хато ва камчиликлар аниқланган. Бу ҳолатлар бўйича амалий ёрдам кўрсатилган, таклифлар ишлаб чиқилган.

Учинчидан, ҳуқуқий маълумотларни таргетлаш зарур. Жорий йилнинг ўзида 1 300 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган, аҳоли уларни барчасини эслаб қололмайди. Шу сабабли, жамиятда шундай ҳолат шаклланиши керакки, аҳоли энг зарурларидан ҳам зарурларини ўрганса етарли бўлиши керак.

Тўртинчидан, давлат органлари ходимларининг ўзини ҳуқуқий онгини ошириш зарурияти мавжуд. Бу ҳар бир соҳада қонунийликни таъминлашга хизмат қилади, тизимда муаммолар камроқ бўлади, малакали кадрлар салмоғи ортади ва иш самарадорлиги ўсади.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида платформа орқали жами 5 500 нафар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари ўқитилиб, баҳолашдан ўтказилди.

Бешинчидан, ҳуқуқий ёрдам ҳамма учун, ҳар доим ва етарли даражада бўлиши керак. Бу вазирликнинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида адвокатлар томонидан “pro bono” лойиҳаси доирасида жисмоний ва юридик шахсларга 64 774 марта оғзаки, 5 162 марта шартнома асосида бепул юридик ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, вазир томонида Британия тажрибаси асосида вазирлик ташаббуси билан ташкил этилган “Мадад” ННТ орқали ҳам аҳолига бепул юридик ёрдам бериш тизими самарали йўлга қўйилган, 60 та туманда филиали бор эканлиги айтиб ўтилди.

Адлия вазири хулоса сифатида ҳуқуқ устувор бўлган жамиятни барпо қилишда жамиятдаги, айниқса мансабдорларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланишини алоҳида таъкидлади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ахбороти эшитилди