01:01 / 19.07.2018
6 693

Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (2-қисм)

Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (2-қисм)
ЯНГИ ҚОТИЛЛИК
Тезкор гуруҳ бошлиғи паст бўйли, озғиндан келган, захил юзли, қирқ ёшлардаги майор эди. У юмшоқ курсида оёқларини чалиштирганча телефон орқали ким биландир секин-секин гаплашарди.

— Хўш, буни нега олиб келдинг? — сўради майор бизни кўргач, ўрнидан туриб гўшакни жойига қўяркан.

— Мана, героин топдик кўрпаси остидан. — назоратчи елим халтачани стол устига ташлади.

— Нима? Героин?.. Кечагина келиб-а?

— Ҳа, ўртоқ майор, героини бор экан бу нусханинг.

— Буни тез карцерга ташла! — буюрди майор лаб тишлаб. — Йўқ, аввал бир-икки соат «стакан»да турсин! Ундан кейин карцерга қамайсан!

Очиғи, ҳали бундай атамалар ҳақида тасаввурга эга эмасдим. Лекин ёмон жойлар эканини юрагим сезиб турарди. На илож? Мен бу ерда ҳеч ким эмасман. Исташса, ўлдириб ҳам юбора олишади…

Назоратчи мени турта-турта айтилган жойга олиб кетди.

* * *
«Стакан» нақ даҳшатнинг ўзи эди. Биргина одам сиғадиган, полдан икки метр пастда жойлашган алоҳида жой. Темир эшикдан кирган заҳоти маҳбус тўғри пастга тушади. У ерга бир одам сиғар, ўтирсангиз, икки оёғингиз букилиб қоларди. Тик турсангиз, барибир узоқ вақт мувозанат сақлашнинг иложи йўқ. Шу қадар совуқ, бадбўй ҳидли эдики…

Олдинига унчалик сезилмади. Лекин бир соатча ўтгандан сўнг суяк-суягимдан совуқ ўтиб, титрай бошладим.

Охири тоқатим тоқ бўлди. Овозимнинг борича бақира бошладим.

— Олиб чиқларинг, ифлосла-ар! Ўлиб қоламан!..

— Намунча итга ўхшаб акилламасанг? — юқоридаги назоратчи совуқ кулимсираб менга ўшқирди. — Ҳали бу бошланиши. Героин яширганларнинг ҳоли шу. Ақлинг кириб, иккинчи марта бу ишни қилмайдиган бўласан.

— Менда ҳеч қанақанги героин йў-ўқ! — бақиришда давом этдим титраб-қақшаб. — Одамсанлар-ку сенлар ҳам! Қара, манави қумурсқалар чақиб ташлаяпти!

— Ўлмайсан! — хохолаб кулиб юборди назоратчи. — Чиниқасан! Шу совуқда яна пича турсанг, кўзинг очилади, ха-ха-ха-ха!..

Афсус… Мен шу гаплардан кейин атиги ўн дақиқача дош бера олдим холос. Тик турганча ҳушимдан кетиб ўтириб қолдим-у, оғриқлар пасанда бўлгандек, совуқ танамни тарк этгандек, вужудим осойиш топди.

* * *
Кўзимни очганимда, тўрт девор орасида ётар, аъзойи баданим совуқдан қақшаб оғрирди.

Жуссамни кўтармоққа тутиндим. қурбим келмади. Ичим қизигандек туюлиб аранг ағанаб қорнимни ерга бериб ётдим. Шу ондаёқ йўтал тута бошлади. Ҳар йўталганимда ичимда нимадир узилиб кетгандек бўлар, қаеримдадир кучли оғриқ туриб нафас олишимга халал берарди.

«Қаердаман ўзи? — ўйлардим тепамдаги даричага боқиб. — Нега бир ўзим ёлғизман? Қолганлар қани? Нега совуқ бу ер?..»

Бир маҳал эшик очилиб аввалига захил юзли майор, кетидан мени «стакан»га олиб келган назоратчи киришди.

— Хўш, ўлмадингми? — совуққонлик билан тепамга келиб савол ташлади майор. — Карцеримиз ёқиб қолдими дейман-а?.. Жа ястаниб ётиб олибсан?

Мени яна йўтал тутиб, саволга жавоб бера олмадим.

Ўқчиб-ўқчиб йўталаётганимни кўрган майор назоратчига ўгирилиб бош чайқаб қўйди.

— Буни тезда Ленага олиб бор! — буюрди у назоратчига. — Оладиганини олибди. Энди керакли дори-дармонларни бериб даволасин. Қолганини кейин гаплашаверамиз.

— Қани, тура оласанми? — тепамга келиб сўради назоратчи.

Мен бош ирғаб «йўқ» ишорасини қилдим ва йўтала бошладим.

— Яхшиси, замбил олиб келганинг маъқулга ўхшайди. — деди майор. — Ишқилиб сил касалига йўлиқмаган бўлсин бу ҳароми! Бўл тез!..

Қолганини эслай олмайман.

Йўтал сабабми, қайтадан ҳушимни йўқотибман.

Кўзимни очганимда, каравотда ётар, тепамда оппоқ халат кийган, мовий кўз, малласоч, йигирма беш ёшлар оралиғидаги бир қиз йиғлаб ўтирарди.

* * *
Йўқ, бундай гўзал, нигоҳлари қайноқ қизни умрим бино бўлиб учратмагандим.

Жоним оғриётганини-да бир муддатга унутиб унга жилмайиш қилдим.

— Хайрият, ҳушингизга келдингиз. — тилга кирди қиз. — Омадингиз бор экан. Сил касалининг аломатлари кўринмади сизда. Фақат қаттиқ шамоллагансиз. Бир ҳафта шу ерда даволансангиз, кўрмагандай бўлиб кетасиз.

«Турмада ҳам шундай меҳрибон одамлар бўлар экан-да! — хаёлимдан кечирдим мен. — Қара-я, худди онам каби меҳр кўрсатяпти. Ёнбошимдаги курси устига қайноқ чой, дориларни териб қўйибди. Наҳотки, турмада шундай одамлар бўлса?..»

— Сиз кимсиз? — аста шивирлаб сўрадим қиздан.

— Мен Еленаман. Турмадаги тиббий қисмнинг бош врачиман. Анави эшик олдида турган икки йигит ёрдамчиларим. Санитарлар. Вой, Вадим келяпти! Сиз ёта туринг!

Мен ҳайрон бўлиб ўнг ёнбошимга ўгирилдим. Чамаси менга укол қилишганга ўхшайди. Буни курсида думалаб ётган шприцни кўриб пайқадим.

— Ҳа, намунча бунинг тепасида ёпишиб қопсан? — шахдам қадамлар билан хонага кириб келган тезкор гуруҳ бошлиғи Вадим Сергеев Еленага ўдағайлай бошлади.

Қизиқ, нега унга ўдағайлайди? Бегона қиз бўлса. Нима ҳаққи бор экан?..

Фақат Еленани қучиб бўса олгандан кейин фаҳмладим.

Демак, майор унинг эри.

— Хўш, ўлмадими? — майор менинг тепамга келиб ўқрайди.

— Бу нима деганинг? — майорни уришган бўлди Елена. — Кўриб турибсан-ку, аста-секин соғайишга ўтди.

— Тезлат! Турмага ястаниб ётиш учун келмаган. Ҳали бунинг қиладиган ишлари кўп.

— Мен маҳбус то оёққа турмагунча қўйиб юбора олмайман. — деди Елена қовоқ уйиб.

— Унда тепасида ўтиришни бас қил!

— Нима қипти? Беморнинг тепасида ўтириб, дори-дармон берилади-ку! Ҳадеб бўлар-бўлмасга рашк қилаверасанми?

— Бўпти! Ўзингниям тилинг узайиб кетяпти кейинги кунларда!

Майор менга бирпас нафрат аралаш тикилиб тургач, ташқарига йўл олди.

* * *
Эрталаб соат ўнга яқин уйқудан уйғондим. Кўзимни очганимда хонани худди мен каби маҳбус кийимидаги икки барваста эркак супур-сидир қиларди.

Йўталим ҳийла пасанда бўлибди. Аммо ичимнинг қаеридадир кучли оғриқ сезардим. Оғриқ бемалол нафас олишимга халал берарди.

Негадир биринчи навбатда Еленани қидира бошладим. Тўғриси, худди уни тушимда кўрганман-у, ҳозир баттар соғинаётган каби аланг-жаланг эдим.

Хайрият, у узоқ кутдирмади. Ичкарига кириб қўлидаги шприцларни стол устига қўйди-да, тепамга келиб каравотнинг бир четига чўкди.

Чамамда Еленанинг кўзлари қизариб кетгандек туюлиб, унга қаттиқроқ тикилиб қарадим.

— Хўш, тузукмисиз? — сўради у кўз ёшларини халатининг енгига артиб. — Йўталингиз пасайибди чоғи…

— Йиғладингизми? — жавоб бериш ўрнига Еленага меҳр билан боқиб сўрадим. — Айтинг, йиғладингизми?..

— Э, қўяверинг! — қўл силтади Елена. — Ишда бўлиб туради… Ўзингиз-чи?.. Кечагидан дурустмисиз?

Мен унинг катта-катта мовий кўзларидан нигоҳимни узолмай бош ирғадим.

— Бундай қараманг. — деди Елена хижолат тортган кўйи кўзини олиб қочиб. — Анави санитарлар эримга шипшитишдан ҳам тойишмайди.

— Эрингизни яхши кўрасизми?

Елена бу саволимни кутмаган эканми, даст ўрнидан туриб нари кетди. Ва шприцларни қайнатиш асносида уришиб берган бўлди:

— Буниси билан ишингиз бўлмасин!

* * *
Уч-тўрт кун деганда ўрнимдан туриб бемалол дераза қаршисига бора оладиган бўлдим. Йўталим ҳам деярли қўзғамай қўйганди. Ойнадан ташқарини маъюс кузатганча ўй сурар, келгуси тақдирим ҳақида ўзимча бош қотирардим. Мени кўпроқ суд жараёни ҳаяжонга сола бошлаганди.

«Неча йилга қамашаркин? — ўйлардим мен. — Прокурорнинг сўзларига ишонадиган бўлсам, ўн беш йилдан кам беришмайди. Адвокат эса аксини гапирди. Бўшатиб юборишлари ҳам мумкин эмиш. Қай бирига ишонай? Буларнинг ҳаммаси бир гўр эмасми? Ҳа, улар мени барибир одам ўрнида кўрмасликлари тайин. Негаки, жиноятчи деган номим бор. Жиноятчиларни ҳеч ким оқламайди. Кимлардир улардан қўрқса, яна кимлардир ғазаб аралаш боқади. Фақат… Елена унақа эмас. Мени тушунади. Кўз қарашларидан сезаман. Балки ёқтириб ҳам қолгандир. Акс ҳолда майор эрига дўқ уриб ташламаган бўларди. Қизиқ… Наҳотки, кўнгли йўқ бўлса эрида? Нега? Афсуски, айтмайди-да!.. Айтганда-ку, ҳаммаси равшан бўларди-я!..»

— Вой-й, тағин ўрнингиздан туриб олдингизми? — мен Еленанинг жарангдор товушини эшитгач, сесканиб ортимга ўгирилдим.

Изғиринда кўп юрганми, титрарди. — Нима, тузалиб қолган киши бўлдингизми? — койишда давом этди Елена. — Ахир, юз марта айтдим-ку сизга ҳозирча туриш мумкин эмас деб!

— Кечиринг! — айбдорларча бош эгиб каравотим томон юрдим. — Қорни томоша қилгим келганди…

— Ётинг, уколингизни олиш вақти етди!

Мен ётдим. Елена апил-тапил дорини шприцга тўлдирди-да, тепамга келиб ўтирди ва билагимни чарм арқонча билан маҳкам сиқиб боғлади.

Оҳ, у шу қадар менга яқин турардики, ярим очиқ сийнасига боқиб, таралаётган хушбўй атир ҳидини ҳидлаб тўймасдим. Игнанинг жонимни оғритаётганини ҳам ҳис этмасдим.

Тўғри, етимликнинг хўрликлардан иборат кўчасида кезиб кўплаб аёллар билан бўлганман. Аммо Елена каби меҳрибон, куюнчагини, дардкашини учратмаганман. Мен билган-кўрган аёллар ўз фойдаларидан бўлак нарсани кўзлашмас, муомалалари ҳам совуқ эди.

Шу тобда муолажа хонаси эшиги тарақлаб очилиб ичкарига шаҳд билан майор кириб келди.

— Вой, мараз-эй! — ўшқирди у тўғри тепамизга келиб. — Энди бутунлай ёпишиб олдингми бу хунасага-а?..

Елена жонҳолатда билагимдаги игнани суғурди-да, ўрнидан турди.

— Ким ёпишиб олибди? — деди қўрқа-писа Елена. — Укол… қилаётгандим. Кўрдинг-ку!

— Укол қилаётганмиш!.. Ёпишволиб-а?.. Сал берироқдан қилса бўлмайди-да-а шу исқирт уколни?.. Йў-ўқ, сен ифлос дон олишиб юрибсан. Бўлмаса, хонангдан чиқолмай қолмасдинг.

— Туҳмат қилма менга! — ҳайқирди Елена титраб. — Мен… Сенга ўхшаган эмасман!

— Унда нега сийнангни шу ҳаромига кўз-кўз қилиб ўтирибсан? Нимага қапишиб ўтирибсан?

— Қапишганим йўқ, билдингми?!. Мен укол қилаётгандим. Нега тушунмайсан?

— Мени аҳмоқ деб ўйлама сен баттол! Шу ўтиришда бошқа иш қилиб ўтиргансан.

Елена бу гапни эшитиб беихтиёр йиғлаб юборди.

Санитарлар ҳам жанжалга гувоҳ бўлишдан чўчиб аллақачон жуфтакни ростлаб қолишган, мен бўлсам, нима қилишни билмай ётган еримда тош қотгандим.

— Ифлос экансан! — деди қон йиғлаб Елена. — Ўз хотинига ишонмайдиган ит экансан!

— Нима?..

Майор югуриб бориб хона эшигини тамбалаб келди-да, Еленанинг сочларини чангаллаб пастга босди.

— Ўлдираман сен фоҳишани!.. — бир қўли билан Еленани томоғидан бўға бошлади майор. — Ҳаммангни ўлдираман! Ўлдираман!

Еленанинг азоб исканжасида инграниб, типирчилашига чидаб тура олмасдим.

Сакраб ўрнимдан турдим-у, майорнинг елкасидан ғижимлаб ўзимга қаратдим.

Шу орада Елена эри чалғиганидан фойдаланиб, полда думалаб ётган пичоқни қўлига олди-да, куч билан майорнинг бўйнига санчди. Бу билан тўхтамади. Пичоқни қайта-қайта санчиб олаверди.

Энди менинг куч ишлатишимга ҳожат қолмаганди. Ҳатто, майорнинг башарасига бир мартагина бўлсин мушт туширишга ҳам улгурмадим. У дод солиб гир айлана-айлана охири полга қулади.

Майорнинг дод-войини эшитиб, ташқаридан йўлак супураётган маҳбуслар, яқиндагина чиқиб кетган санитарлар олдинма-кетин югуриб киришди.

Улар тезда ҳаммаёғи қонга бўялган, оғзидан кўпик сачраб, деярли нафас олишдан тўхтай бошлаган майорни кўтаришди-да, бўш каравотга ётқизишди.

— Ўлиб қолди! Ўлиб қолди! — изилларди Елена гоҳ менга, гоҳ бошқа маҳбусларга жавдираб. — Энди нима бўлади?.. Нима бўлади?..

Мен дарҳол Еленани бағримга босиб дераза томон етакладим.

— Ўзингизни босинг! — дердим уни юпатишга уриниб. — Ўлмайди! Ўзига келади.

— Й-йўқ! Ўлиб қолди! Энди… Мени қамашади! Қамашади!..

— Қамашмайди! — дедим каравот томон кўз ташлаб…

Ҳа, маҳбуслар жони узилган майорнинг иягини бойлаш билан овора эди.

— Сизни қамашмайди! — такрорладим мен янада дадилланиб. — Бунга йўл қўймайман!.. Майорни сиз эмас, мен ўлдирдим. Беринг пичоқни! Беринг дедим!..

Яхшики, пичоқ ҳануз Еленанинг кафтлари орасида экан.

Пичоқни тортиб олиб сопига кафтларимни ишқалай-ишқалай, ўзим ётадиган кўрпа остига беркитдим. Ва ичкаридагиларга тилларини тийишни тайинлаб, Еленанинг ёнига қайтдим.
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган кечирганларим... (2-қисм)