Марказий Осиё туризми дунёда рекорд ўрнатди: Ўзбекистон минтақада етакчи

2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризмнинг иқтисодий ўсиши ва экспорт кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Минтақада туризмнинг ЯИМга умумий ҳиссаси реал ҳисобда 17,7 фоизга, тўғридан тўғри ҳиссаси 19,6 фоизга ошиб, туризм хизматлари экспорти 9,9 миллиард долларни ташкил этди ва 26,4 фоизга ўсди.
Марказий Осиёда туризм соҳаси мисли кўрилмаган даражада шиддат билан ривожланмоқда. 2025 йил якунларига кўра, минтақа туризмнинг иқтисодий ўсиш ва экспорт кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Ушбу тарихий зафарнинг марказида эса Ўзбекистон турибди.
Бу ҳақда Бутунжаҳон туризм ва саёҳат кенгаши (WTTC) томонидан «Oxford Economics» тадқиқот маркази билан ҳамкорликда тайёрланган нуфузли ҳисоботда маълум қилинди.
Глобал рекорд ва миллиардлаб экспорт
Ҳисобот маълумотларига кўра, 2025 йилда туризм соҳасининг Марказий Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) қўшган умумий ҳиссаси реал ҳисобда 17,7 фоизга, тўғридан-тўғри ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган.
Энг қувонарлиси, минтақада туризм хизматлари экспорти 9,9 миллиард долларни ташкил этиб, ўсиш кўрсаткичи 26,4 фоизга етди. Мазкур учта муҳим кўрсаткич бўйича Марказий Осиё сайёҳлик соҳасида ўсиш суръатлари бўйича жаҳонда мутлақ етакчига айланди.
Туризм экспортининг тенг ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда
Марказий Осиёга ташриф буюраётган хорижий сайёҳларнинг асосий оқими айнан Ўзбекистонга тўғри келмоқда. Минтақадаги умумий туризм экспортининг деярли ярми (50% га яқини) айнан мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, Ўзбекистон минтақа аҳолиси учун энг машҳур ва жозибадор саёҳат йўналиши сифатида эътироф этилди:
Ўзбекистон — барча сайёҳлик саёҳатларининг 25 фоизи;
Қозоғистон — 23 фоиз;
Қирғизистон — 18 фоиз;
Россия — 16 фоиз;
Туркия — 6 фоиз.
Хорижий сайёҳлар харажати ва порлоқ келажак прогнози
2025 йилги таҳлилларга кўра, соҳадаги барча молиявий харажатларнинг 64,3 фоизи хорижий сайёҳлар, 35,7 фоизи эса ички туризм ҳиссасига тўғри келган. Халқаро сайёҳлар томонидан қилинган харажатларнинг аъзам қисми — 84,5 фоизи бевосита дам олиш ва ҳордиқ чиқариш, 15,5 фоизи эса хизмат сафарлари ҳамда бизнес-туризм билан боғлиқдир.
WTTC томонидан тақдим этилган узоқ муддатли прогнозга кўра, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард долларга етади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…