12:23 / 31.12.2023
586

2023 йилда оила қурган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (фото)

2023 йилда оила қурган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (фото)

Йил албатта, сарҳисоб қилиниши, нималарга улгурдик ва қайси режалар амалга ошмади, деган саволга жавоб изланиши зарур. Абитуриентлар ўқишга киришни, бўйдоқлар эса оила қуришни, фарзанд талаблар эса йил бошида орзуларига эришишни ният қилади. Шоу-бизнес вакилларида ҳам оила қуриш билан боғлиқ режалар бўлган. Хўш, якунланаётган йилда кимлар оила қурди?

Улуғбек Холмедов иккинчи марта уйланди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Ҳолмедов кенжа ўғли Улуғбек Ҳолмедовни уйлантирди. Аммо бу биринчи никоҳ эмас, актёр бундан аввал ҳам оила қурганди. Унинг илк никоҳ тўйи 2020 йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтган. Карантин кучайтирилган пайт бўлгани учун Мирзабек Холмедов тўйни ҳовлисида ўтказган. Афсуски, келин-куёвларнинг муносабати узоққа бормай, узилган. 2023 йилнинг 2 июль куни Улуғбек яна оила қурди. Унинг навбатдаги тўйи ҳам дабдабали тарзда ўтказилди ва унда ўзбек санъатининг кўплаб вакиллари иштирок этди.

Рэпер Шахриёр бўйдоқлик билан хайрлашди

Бир неча йилдан буён АҚШда истиқомат қилаётган рэпер Шаҳриёр 11 июль куни Нурангиз исмли қизга уйланди. Тўй хорижда эмас, балки хонанда туғилиб ўсган Самарқандда бўлиб ўтди. Аммо бу никоҳ маросими хонанданинг ҳаётидаги биринчи тўй эмас. У бундан аввал ҳам оила қурган ва 2016 йили ўғил фарзандли бўлганини маълум қилганди.
Ҳамиша шахсий ҳаётини оммадан сир тутадиган ижодкорнинг навбатдаги тўй видеолари ҳам ташкилотчилар сабаб ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Дилшода Рустамжонова илк учрашувда ёқтирмаганди

Масалларни моҳирлик билан ижро этадиган ёш актриса Дилшода Рустамжонова ҳам бу йил оила қурди. Дилшода ва Шаҳбознинг никоҳ тўйи 15 июль куни бўлиб ўтди.

— Турмуш ўртоғим “Қувноқлар ва зукколар”га қатнашиб юрган пайтимда танишганман. Менда жуда ёмон тассурот қолдирганди (кулиб). Ниҳоятда кибрли инсон бўлиб кўринган. Кейинчалик танишиб, бир-биримизни ўргандик. Оила қуришимизни қайнонам ҳам жуда хоҳлади. Санъатга тушунади ва ижод қилишимга кўмак беради, — дейди Дилшода Рустамжонова.

Муниса Ризаева нега беларус йигитини танлади?

Муниса Ризаева ва Арсеней Марозовнинг тўйи 7 сентябрь куни бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, у энг шов-шувли ва катта бюжет сарфланган тўйлардан бири бўлди.

— Беларусь миллатига мансуб йигитга турмушга чиққаним учун ижтимоий тармоқларда менга ва турмуш ўртоғимга нисбатан жуда кўп негатив ёзилди. Улар ҳатто турмуш ўртоғимнинг исломни қабул қилганига ҳам қараб ўтирмади. Инсонлар учун бу нарсанинг ҳеч қандай қадр-қиммати йўқ экан. Менга эса бу катта бахт. Чунки мен бир инсоннинг мусулмон бўлишига сабабчи бўлдим. Турмуш ўртоғим негативлардан жудаям асабийлашади. Мен унга “Умуман эътибор берма”, дейман. Мен ташқи оламга умуман эътибор бермайман, — дейди Муниса Ризаева.

Ёрқинхўжа Умаров Озодбек Назарбековга куёв бўлди

2023 йилнинг сентябрь ойида ўзбек шоу-бизнесидаги энг кутилган тўйлардан бири бўлиб ўтди. Хонанда Ёрқинхўжа Умаров маданият вазири Озодбек Назарбековнинг қизи Зиннурага уйланди. Никоҳ кечасида ўзбек шоу-бизнесининг энг таниқли вакиллари хизматда бўлди.

Дилшодбек Каттабеков: Санъатдаги энг кекса бўйдоқ ўзим эдим

“Кичкина табиб” фильмидаги роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр Дилшодбек Каттабеков ҳам бўйдоқлар сафини тарк этди. У ўзидан 14 ёш кичик Зуҳра исмли қизга уйланди. Уларнинг никоҳ оқшоми 3 октябрь куни Сирдарё вилоятида бўлиб ўтди.

— Санъатдаги энг кекса бўйдоқ ўзим эдим. Тақдиримдаги қиз учрашиши кутдим. Зуҳра ҳоламнинг қўшниси бўлади, Сирдарёга борганимда бир марта учрашгандик. Ерга қараб туриши менда ижобий фикр қолдирган ва уйлансам фақат шу билан оила қураман, дегандим, — дейди Дилшодбек Каттабеков.

Хонзода Дўстова: “Турмуш ўртоғим билан аввалдан танишмиз”

Санъаткорлар сулоласи вакили вайнер Хонзода Дўстова ҳам бу йил турмушга чиқди. Унинг тўйи 31 октябрь куни бўлиб ўтди.

— Турмуш ўртоғимни анча йилдан буён танийман. Айнан вайнерлик фаолиятимни ривожлантиришда ҳам у кишининг ҳиссаси катта. Оила қуриш учун аввал шароит яратдик, сўнг тўйни белгиладик, — дейди актриса.

Бобур Мансуров томошабинлар орасидан жуфтини топди

Бу йил яна бир актёр ва вайнер Бобур Мансуров ҳам оила қурди. У ўзидан саккиз ёш кичик Фариза Орипова исмли қиз билан оила қурди.

— Аёлим билан мусиқа фестивалида учрашиб қолганмиз. У оддий томошабин бўлиб келган. Кўнгил-кўнгилга тўғри келиб оила қурдик, — дейди Бобур Мансуров.

Азода: Оила қуришимизга Нилуфар Усмонова сабабчи бўлди

Актриса ва вайнер Азода ҳам бу йил оила қуриш бахтига мушарраф бўлди. У санъатга алоқадор бўлган Абдуллоҳ исмли йигитга 10 декабрь куни турмушга чиқди.

— Танишувимизга Нилуфар Усмонова сабабчи бўлган. Ҳаммаси тақдирдан, аммо барибир кимдир сабабчи бўларкан, — дейди Азода.

Бундан ташқари, бу йил санъат вакиллари орасида Абдуллоҳ Маъсудов, Шаҳноза Шокирова ва Дилдора Зокировалар ҳам оила қуришди. Ўз жуфтини топиб, оила деб аталмиш қўрғонни бунёд этган барчага бахт тилаймиз. Бу йил оила қуриш режалари амалга ошмаганларга эса келаси йил албатта, бахт кулиб боқади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » 2023 йилда оила қурган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (фото)