Қорақалпоғистонда марихуананинг яширин айланмаси фош этилди

Қорақалпоғистонда гиёҳвандлик воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Элликқалъа туманида тезкор тадбир ўтказди. Бу ҳақда Давлат божхона хизмати Telegram каналида хабар берилди.
Тадбир давомида туман ҳудудида автомобилда ҳаракатланаётган фуқаро тўхтатилиб, текширилди. Ундан икки дона қоғоз ўрамга жойланган, ўзига хос ўткир ҳидли, қуритилган япроқсимон модда аниқланди.

Мазкур модданинг ўрамлари билан биргаликдаги умумий оғирлиги 3,37 граммни ташкил этган. Аниқланган ашё белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, Нукус шаҳри ҳудудида ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланган. «Тахиатош – Нукус» йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув вақтида йўловчининг буюмлари орасидан жами 10,57 грамм марихуана топилган. Аниқланган гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.































Изоҳлар 0
…