18:00 / 31.08.2024
182

Юлдуз Усмонованинг назарига тушган, устозига келин бўлган доцент раққоса Муҳаббат Қурбонова 37 ёшда

Юлдуз Усмонованинг назарига тушган, устозига келин бўлган доцент раққоса Муҳаббат Қурбонова 37 ёшда
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаббат Қурбонова нафақат салмоқли ижоди, балки одоб-ахлоқи билан ҳам мухлислар меҳрини қозонган. Қизиқ, гўзал раққосанинг табассуми ортига қандай дардлар яширинган, у нималардан армон қилади?

“Онамга фарзанд кўриш мумкин эмасди”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Ҳаётимдаги энг гўзал онлар болалигим билан боғлиқ. Отам педагог, онам эса хореограф бўлган. Камтарона, фақат ойликка кун кўрадиган оилада улғайганман. Онамнинг айтишича, мен туғилгандан сўнг унга қайта фарзандли бўлишни тақиқлашган экан. Чунки онамнинг юраги хаста эди, “Туғруқ саломатлигингизга хавф солиши мумкин”, деб огоҳлантиришганига қарамай, “Муҳаббат қизимга шерик керак”, деб синглимни дунёга келтирган экан. Онам жуда кичиклигимиздан бошлаб, рақс санъатига қизиқтирган, тўгаракларга эринмай олиб борарди. Дадам раҳматли эса ниҳоятда қаттиққўл эди, мактабдаги баҳоларимизни ҳамиша назорат қиларди. Бола бўлиб, ўйнаб кулганимизни эслолмайман. Синглим билан ҳамиша шошиб юрардик, дарсдан тўгаракка, у ердан уйга. Чунки кеч қолсам дадамдан дакки эшитишимизни яхши билардик. Бир куни қорда уй калитини йўқотиб қўйганмиз. Гап эшитмаслик учун синглим иккимиз шунақа излаганмиз, эсласам ҳалигача кулгим келади.

Ҳимоячи акам бўлишини ҳамиша орзу қилардим. Аммо синглим энг ишонган ҳамроҳим ва ҳимоячим эди. Усиз ўтган кунимни эслолмайман, ҳамма ерга бирга борардик. Шу боисданми кўпчилик бизни эгизаклар деб ўйларди
, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Синглим билан бизнес қилмоқчи бўлганмиз”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Болаликда молиявий қийинчиликларга кўп учраганмиз. У пайтда фақат бизнинг оилага эмас, бошқаларга ҳам жуда қийин эди. Ўшанда ота-онамга ёрдам бериш учун қўшнимиздан сузма олиб, қурт қилиб сотмоқчи бўлганмиз. Аммо бизнесимиз ўхшамаган.

Хореография олий мактабида ўқиётганимизда кўпчилик қизларни дарсга дадалари машинада олиб келишарди. Биз эса автобус ёки метрода қатнардик. Ўшанда хафа бўлиб, бизда ҳам машина бўлсайди, дердим.

Ота-онам молиявий жиҳатдан қийналишган бўлса ҳам бизни таълим олишимиз учун етарли шароитларни яратиб беришарди. Бирор саҳна либоси керак бўлса, емай-ичмай бўлса-да, сотиб олиб беришарди. Баъзан одамлар мақташса, ич-ичимдан “Бу ютуқлар меники эмас, ота-онамники, агар улар бўлмаганида Муҳаббат ва Малика яхши раққоса бўлолмасди”, дейман. Афсуски, кўрган қийинчиликлари эвазига ота-онамга миннатдорлик билдиролмадик, фарзандлик бурчимизни адо этмай улар вафот этишди
, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Юлдуз Усмоновадан қўрққанман”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Катта саҳнага чиқишим билан боғлиқ воқеалар ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Ўшанда бор йўғи 15 ёшда эдим. Жамоамиз билан Юлдуз Усмонованинг концерт дастурида чиқадиган бўлдик. Қоп-қора, озғин қизалоқ эдим. Танаффус пайтида бир четда турсам, қўллари билан имлаб “Бу ёққа кел”, деб чақирди. Қўрқиб кетдим, чунки Юлдуз Усмонованинг рақсга талабчан эканлигимни яхши билардим. “Бирор хато қилдим шекилли”, деб қўрқиб келсам “Яккахон рақс ижро этишни истайсанми?” деб сўради. Бир кунда уйғурча қўшиққа рақс саҳналаштириб, ижро этиб бергандим. Лекин энг ҳаяжонлиси концертда қўлимдан ушлаб, халққа таништирганлари бўлган. Чунки унча-бунча раққоса бундай бахтга мушарраф бўлавермасди, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Журналист бўлмоқчи эдим”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Болаликдан журналистика соҳасига ҳам қизиққанман. Инглиз тилини ҳам ўрганиб, халқаро тоифадаги диктор бўлишни орзу қилардим. Шу мақсадда икки йил ЎзМУдаги тайёрлов курсига қатнадим. Кейин режаларим ўзгариб, актёрлик бўйича ўқишга қарор қилдим.

Актриса сифатида қатор ролларни ижро этдим. Масалан, Наби Ҳошимовнинг “Топталган гул” ҳикояси асосида суратга олинган “Зебузар” сериалида бош ролни ижро этганимдан ҳалигача афсусланмайман. Ўша пайтларда кўча-кўйда аёллар кўриб қолишса, “Пешонанг бунчалик шўр бўлмаса-я?!”, деб ачиниб гапиришарди. “Қайтиб бу каби ролларни ўйнаманг”, деганлар ҳам бўлган. Айримларнинг “Ролингизнинг тарбиявий аҳамияти бор. Бундай образларни ҳам кимдир ўйнаши керак-ку!”, деган фикрларини эшитиб, хурсанд бўлганман. Лекин ролимни ўйнашдан чўчимаганман. Тўғри, баъзи саҳналарда уялганман. Аммо актриса сифатида уни рад этишга ёки суратга олиш жараёнида ролга нисбатан инжиқлик қилишга ҳаққим йўқ эди, назаримда
, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Севгисиз оила қурганмиз”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Раққосанинг оила қуриши билан боғлиқ ҳар хил гаплар юради. Аммо инсоннинг хатти-ҳаракатлари касби эмас, кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқ. Болаликдан тўкис оилам бўлишини, қайнона-қайнотамнинг хизматида бўлишни орзу қилганман. Бир йигитдан совчи келган, унаштирилганман. Аммо баъзи сабабларга кўра унаштирув бекор қилинган. Устозим Карима Узоқованинг ўғлининг ҳам фотиҳаси бекор бўлганди. Бир-биримизга далда берамиз деб гаплашиб турардик, аммо кўп ўтмай муносабатларимиз чуқурлашиб кетган. Севиб оила қурмаганмиз, аммо ҳамиша бир-биримизни тушунишга ҳаракат қилганмиз. Баъзида устозимнинг гапига фаришталар омин деган экан дейман. Боиси, болалигимдан “Муҳаббатни ўзим келин қиламан”, деб кўп гапирарди, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Рақс оиламдан устун эмас”

Фото: “Дарё”
Малика билан дунёқарашимиз, меҳримиз ўхшаш, биз бир хил фикрлаймиз, у ўйлаб турган нарсани мен ўйлаб турган бўламан, мен ўйлаб турган нарсани у ўйлаб турган бўлади. Ота-онамиз бир-биримизга ҳурмат билан катта қилишган. Улар Маликага сенинг опанг — отанг билан онанг дейишарди. Мен ҳам фарзандларимга биз бугун бормиз, эртага йўқмиз, деб айтаман. Сизлар бир-бирингизга бир умр меҳрибон бўлинглар”, дейман. Шунинг учун ота-онамиз бир-биримизга жуда яқин қилиб ўстирган.

Раққосалик касбим, лекин ҳеч нарса оиладан устун бўла олмайди. Улар қўрғоним, ҳеч қачон мени ташлаб кетмайди. Касбим ташлаб кетиши, оёғим синиши мумкин, фақат санъатни ўйлаб яшай олмайман, болаларим бор, уларни оёққа қўйишим, кучли бўлишим керак.


“Ҳаётда армонларим жуда кўп”

Фото: Скриншот
Отамни йўқотганимда отамни, турмуш ўртоғимни қадрини, қиз бола фарзанд учун отанинг ўрни муҳимлигини билганман. Бундай ҳолатда она ўзини ўйлаши керак эмас, у фарзанди учун ҳам давом этишга мажбур. Ота-онаси тирик инсонлар — дунёдаги энг бахтли инсонлардир. Ота-онангиз тириклигида пул топаётган бўлсангиз ҳаммасини шунга қаратинг.

Масалан, ҳаётда армонларим жуда кўп, энди оёққа турдим, деганимда ота-онам бу дунёдан кўз юмди. Режаларим кўп эди, ота-онамга катта уй олиб бермоқчи эдим. Ота-онам умуман ўзини ўйламаган, фақат биз учун ҳаракат қилишар эди. Ота-онам учун шахсий ҳайдовчи ёлламоқчи эдим, айнан шундай пайтда улар дунёдан ўтди
.

Онам юрак хуружи сабаб тўсатдан вафот этди. Отам эса COVID’га чалиниб, бир ойга яқин Зангиотадаги касалхонада ётди. Олдига киритишмайди, аҳволи оғир. Отамни кўриш армон бўлмасин деб Озодбек Назарбековдан COVID марказига киришга ёрдам беришларини сўрадим. Ўша пайтда кўнгилли сифатида у ерга ходимлар юбориларди. Тиббий ходим бўлиб, марказга кирдим ва аппаратга уланган отамни кўрди. Юзимдаги ниқобни ечганимда отам қувонганидан йиғлаб юборганди. 5 кун олдиларида бўлдим, афсуски отам кўп ўтмай қўлимда жон берди, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Синглим билан сингандик”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Шахсан мен учун ота-онам тирикдек. Улар бизни деб емади, ичмади, оч қолса-да бизни боқди. Бироқ биз шу ишни қиламиз деганда, уларни йўқотдик. Синглимга ҳам шу гапни айтаман. Турмуш ўртоғимга ҳам айтаман, улар ойиларига озгина жаҳл қилсалар ҳам кўтара олмайман. Ҳамма қайнонамни қаттиққўл дейди, лекин мен ўша қаттиққўл қайнонамни яхши кўраман. Пешонамга шу аёлни қайнона бўлиши битилган экан, минг шукр. Кўпчилик “бандалик” деган гапни тушунмайди, уни ота-онани йўқотгандан кейин тушуниш мумкин. Ота-онамизни йўқотганимизда Малика билан синганмиз. Дунёни бутун ранглари биз учун йўқолган. Энди фарзандларим учун яшашим керак, дейди Муҳаббат Қурбонова.

“Аллоҳ мени қизим билан синади”

Фото: Муҳаббат Қурбонованинг шахсий архивидан
Онамнинг вафотидан кейин Аллоҳ мени қизим билан синади. Тўнғич фарзандим буйрак хасталигига чалиниб, икки йил ичида 3 марта жарроҳлик амалиётини ўтказди. Ўзбек шифокорларини ёмонлаш ниятим йўқ. Аммо улар тажрибасизлик қилиб, соғлом буйракка азият етказиб қўйишган. Кейин биз қизимизни Германия, Исроил ёки Москвага олиб бориб даволатмоқчи бўлганмиз. У пайтда қизим диализ олиб, буйрагига “трубка” улаб қўйилган эди. Қизимнинг жони оғриётганини кўриб, юрагим эзиларди. Чунки унинг ҳароратини 39 даражадан тушмасди. Москвалик шифокорлар ғайридин бўлса-да, улар қалбан Аллоҳга ишонади. У ҳаммаси Яратгандан эканлиги, насиб қилса болам соғайиб кетишига ишонтирди. Жойнамоз устида ўтириб, “Бизда имконият бор, балки қизимга бир буйрагимни берсам яшаб кетади”, деб ўзимни тинчлантиришга уриндим. Сўнгги операциядан кейин буйрагидан юборилган контраст ҳеч қандай тўсиқсиз ўтди. Бу ҳол нафақат мени балки жарроҳни ҳам қувонтирди. Ўша дамда икки йиллик азобли кунларим кўз олдимдан ўтди. Жони оғриб Москвага борган қизим, соғлом инсонлардек Тошкентга қайтди, — дейди Муҳаббат Қурбонова.

Доцент Муҳаббат Қурбонова бугунги кунда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабаларга дарс беради. Бундан ташқари, яккахон раққоса, хореограф сифатида ҳам фаолият юритади. Уни ўз жамоаси ва кўплаб шогирдлари бор.

Манба: daryo.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонованинг назарига тушган, устозига келин бўлган доцент раққоса Муҳаббат Қурбонова 37 ёшда