Дурдона Қурбонова актрисаликка қандай кириб келганини сўзлаб берди

Актриса Дурдона Қурбонова ўзининг санъатдаги йўли 2012 йилда массовкалардаги роллардан бошланганини маълум қилди. У Тошкент маданият коллежида ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият университетида актёрлик йўналишида таҳсил олган. Шунингдек, у «Ёвуз», «Ҳалоскор» филмлари, «Фитна», «Сабоқ», «Заҳарли томчилар», «Пахмоқ келин» сериалларида суратга тушиб, 2018 йилда «Миллион» жамоасининг консертида қатнашган.
Актриса Дурдона Қурбонова Instagram саҳифасида ижодий фаолиятининг бошланиши, таҳсил олган таълим муассасалари, кино ва сериаллардаги роллари ҳамда санъатнинг бошқа йўналишларига бўлган қизиқишлари ҳақида маълумот берди.
У актрисаликка 2012 йилда кириб келганини айтиб, дастлабки ролларини массовкалардан бошлаганини таъкидлади. Дурдона Қурбонова Тошкент маданият коллежининг драматик театр актёрлиги йўналишида, кейинчалик Ўзбекистон давлат санъат ва маданият университетининг драма театр ва кино актёрлиги йўналишида таҳсил олган.
Актрисанинг сўзларига кўра, кинодаги илк роллари “Ёвуз” ва “Ҳалоскор” фильмларидаги образлар билан бошланган. Шундан сўнг у “Фитна”, “Сабоқ”, “Заҳарли томчилар” ва “Пахмоқ келин” каби сериалларда рол ижро этган.

Дурдона Қурбонова 2018 йилда “Миллион” жамоасининг концерт дастурида ҳам иштирок этган. Унинг таъкидлашича, тахминан тўрт йил аввал тарихий фильмларда ҳам рол ижро этишни бошлаган ва бу йўналишдаги суратга олиш жараёнлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Актриса бугунги кунгача 200 дан ортиқ клипда турли образларни гавдалантирганини ҳам маълум қилди. Университетда актёрликдан ташқари қўшиқ куйлаш ва рақсга тушиш бўйича ҳам машғулотлар бўлган. Шу сабабли у нафақат актёрлик, балки қўшиқчиликка ҳам қизиқиши борлигини айтди.
“Қўшиқ айтиш менга ёқади, бу менинг ҳоббийим”, — дея таъкидлади актриса.
Дурдона Қурбонова Instagram'да 2017 йилдан буён фаол эканини ва шу вақт давомида саҳифасида турли видеоконтентларни мунтазам жойлаб келаётганини ҳам қайд этди.































Изоҳлар 0
…