date

Ғазодаги қонли воқеа ҳақидаги фильм Венецияда рекордни қўлга киритди

Ғазодаги қонли воқеа ҳақидаги фильм Венецияда рекордни қўлга киритди

Венеция халқаро кинофестивалида намойиш этилган “Ҳинд Ражабнинг овози” фильми томошабинларни қаттиқ тўлқинлантирди. Фаластинлик беш ёшли қизалоқ Ҳинд Ражаб тақдири ҳақидаги драма премьераси 23 дақиқадан зиёд давом этган қўл сочиб олқишлар билан кутиб олинди. Кўпчилик томошабинлар кўз ёшларини яшира олмади. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар қилди.

Фильм ўтган йил Ғазода юз берган фожиали воқеа – исроиллик ҳарбийлар томонидан қариндошлари ўлдирилган машинада ёлғиз қолиб кетган беш ёшли қизалоқнинг соатлаб давом этган қўрқувли дақиқаларини тасвирлайди. У Қизил Ярим Ой ходимлари билан телефон орқали ёрдам сўраб мурожаат қилган, “Илтимос, олдимга келинглар, мен жуда қўрқяпман”, деб йиғлаган. Шу пайтда атрофда ўқ овозлари янграган.

Таъсирли ҳужжатли фильм Фаластин Қизил Ярим Ойининг ҳақиқий аудиоязувлари ва гувоҳлар кўрсатмалари асосида ишланган. Уч соатдан сўнггина тез ёрдамга йўл очилган, аммо ёрдам машинаси етиб келганида қизалоқ билан алоқа узилган. Бир неча кундан кейин эса унинг жасади қариндошлари билан бирга топилган. Уни қутқаришга ҳаракат қилган, аммо ўққа тутилган тез ёрдам машинасидаги икки ходим ҳам ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Фильм муаллифи Каутер Бен Хония журналистларга:
“Кўпинча дунё ОАВ Ғазода ҳалок бўлаётганларни “тасодифий қурбонлар” сифатида кўрсатади. Бу эса инсонийликдан маҳрум қилувчи ёндашув. Шунинг учун ҳам санъат ва кино уларга овоз бериш, юз бериш учун муҳим восита ҳисобланади”, — деди.

Ҳинд Ражабнинг онаси Виссам Ҳамада эса фильм урушни тўхтатишга хизмат қилади деган умидини билдирди. “Бутун дунё бизга қараб турди, биз эса ўлим, очлик ва қўрқув ичида қолдик. Ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади”, — дея аламли гапларини айтиб ўтди у.

Шу билан бирга, Forensic Architecture ва Earshot каби нодавлат текширув гуруҳлари, шунингдек БМТ ҳам ҳодисани ўрганиб, қизалоқ ўтирган машина Исроил ҳарбийларига тегишли қуролдан яқин масофадан ўққа тутилганини тасдиқлади. Исроил армияси эса айбни тан олишдан бош тортмоқда ва ҳанузча расмий изоҳ беришдан қочмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, фильм нафақат фаластинлик қизалоқнинг овозини бутун дунёга етказди, балки Ғазодаги ҳолатларни яна бир бор халқаро ҳамжамият эътиборига қаратди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ғазодаги қонли воқеа ҳақидаги фильм Венецияда рекордни қўлга киритди