Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова 80 ёшида вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат драма театри расмий равишда хабар берди. Унинг вафоти ўзбек санъати учун катта йўқотиш сифатида баҳоланмоқда.
Доно Бобохонова 1946 йил 20 ноябрда таваллуд топган. У Тошкент театр ва рассомлик институтида таҳсил олиб, ижодий фаолиятини “Ёш гвардиячилар” театрида бошлаган. Кейинчалик ушбу театр Аброр Ҳидоятов номидаги ўзбек давлат драма театри номи билан фаолият юрита бошлаган.
Актриса ўзининг самарали меҳнати ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси учун 1996 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан тақдирланган. У саҳнадаги роллари билан бир қаторда кино оламида ҳам ўзига хос из қолдирди.
Доно Бобохонова “Бозор кўрмаган йигит”, “Аразласанг, ўламан”, “Чол ва набира” ҳамда “Тилим қурсин” каби фильмлардаги образлари билан томошабинлар қалбидан жой олган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!