14:06 / 14.08.2018
4 950

Қўл остидагилари ташаббусидан бехабар Назарбеков ёки «Ўзбекконцерт» ман этмаган «Kiki»

Қўл остидагилари ташаббусидан бехабар Назарбеков ёки «Ўзбекконцерт» ман этмаган «Kiki»
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Ўзбекконцерт»нинг тўй-ҳашамларда куйланадиган қўшиқлар бўйича махсус йўриқнома ишлаб чиқиш режасига «Ўзбекларда ‘сал шошибди’ дейилади. Cанъат асарлари халқ фикридан келиб чиқиб танланмайди, балки омма орасида тарғиб қилинади. Тўйда нимани ижро қилайлик, деган масалани халққа ташлашдан кўра, уни тарғиб қилиш тўғрироқ бўларди», деб изоҳ берди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

Озодбек Назарбеков оддий санъаткор бўлганда бу оталарча танбеҳни қабул қилардик. Бироқ у Маданият вазирининг биринчи ўринбосари ҳисобланади ва бир талай ташкилотлар қатори айнан «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолияти учун жавоб беради. Наҳот қўли остидагилар у билан маслаҳатлашмай шундай антиқа ташаббуслар билан чиқса?

Муассасанинг ушбу ғояси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Улардан бири «Ўзбекконцерт» бу кетишда яқинда «тавсия этиладиган келинлар рўйхати»ни тузишига шубҳа қилмаслигини таъкидлаган бўлса, яна бири бу ташаббус «иссиқ таъсирида қабул қилинган бўлса керак», деган фикрни илгари сурган.

Ўзини санъаткорлар вазирлиги қабилида тутадиган «Ўзбекконцерт» истаса мажлисига келмаган қўшиқчини тавбасига таянтиради, хоҳласа тадбирга бормаган хонандани лицензиясини олиб қўяди. Хўш, бу қаттиққўл муассаса нега Юлдуз Усмонова иштирокидаги «Kiki Challenge»га эътироз билдирмади? Ахир юриб кетаётган машинадан тушиб қолиб, рақс ижро этиш нафақат «маънавиятга зид», балки ҳаёт учун ҳам хавфли-ку?

Хонанда бу эътирозларга жавобан видеомурожаат ҳам йўллади.

«Ҳаётдан мамнун бўлишни ўрганиш керак, тирноқ тагидан кир қидиравермасдан. Стадионда 30-40 минг мухлис йиғилса, улар учун ўйнаймиз, биров бир нарса демайди. «Kiki»га ўйнаганимизда кайфиятимиз аъло эди, тўйларни зўр ўтказиб қайтаётгандик», дейилади унда.

Тўйдан примадоннамизнинг гонорарини олиб қайтганимизда балки биз ҳам машинадан тушиб, хурсандчиликдан хиром айлаган бўлармидик. Аммо бу уни видеога юклаб, оммалаштириш керак дегани эмас. Қолаверса, саҳна ёки стадионда қўшиқ куйлаб, рақс ижро этиш билан автодан тушиб, гавжум йўлда муқом қилишни фарқлаш учун катта ақл шарт эмас.

Маълумот учун, 2018 йил ёзида дунёда «Кўпроқ сув ичинг!», «Қуёшдан ҳимояланинг!» каби огоҳлантиришлар қаторида «Ҳаракатланаётган машинадан сакраманг ва йўлда рақсга тушманг!» деган чақириқ энг кўп янграгани билдирилмоқда.

Йўлларда юз бераётган даҳшатли ЙТҲлар бўйича шундоқ ҳам пешқадам бўлиб олдик. Сифатсиз йўлларимиз қаторига улардаги хавфли рақслар қўшилмасин.

Дарвоқе, гапимиз ажабтовур ташаббус ҳақида эди, чалғибмиз. Яқинда пахта йиғим-терими мавсуми бошланади. «Ўзбекконцерт» сиёсий ҳушёр ташкилот, қалб амрига биноан санъаткорларни далага ҳайдаши мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши давлат муассасасига эслатмоқчимиз: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ман этилган. Бу тақиқ нафақат ўқитувчи ёки шифокорлар, балки санъаткорларга ҳам тегишли…

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қўл остидагилари ташаббусидан бехабар Назарбеков ёки «Ўзбекконцерт» ман этмаган «Kiki»