08:02 / 11.09.2018
5 588

MAQOM ART халқ орасида миллий мусиқага бўлган қизиқишни янада оширмоқда (фото)

MAQOM ART халқ орасида миллий мусиқага бўлган қизиқишни янада оширмоқда (фото)
Шаҳрисабзда 9 сентябрда 220 мингдан зиёд киши меҳмон бўлган бўлса, бугун 10 сентябрь куни ушбу рекорд янгиланди. Бу куни Шаҳрисабзнинг бош майдонига соат 20:30 ҳолатига 250 минг нафарга яқин меҳмон ташриф буюрди, уларнинг бари кўтаринки ва байрамона кайфиятда сайр қилиб, иштирокчиларнинг санъатидан завқ олмоқда. KUN.UZ нашри Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

6-10 сентябрь кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида I Халқаро мақом санъати форуми бўлиб ўтди. Унга дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан иштирокчи ва меҳмонлар ташриф буюришди. Ҳар бир мамлакат вакиллари ўзининг миллий мусиқа намуналарини ижро этиб, йиғилганларга завқ бағишлашди.

Ўзбекистоннинг мақом санъати бугунга келиб мамлакат бренди даражасига кўтарилиб, нафақат хорижлик меҳмонлар, балки маҳаллий халқ орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг орасида мақом ва унинг турларини ўрганишга қизиқиш билдирганлар ҳам талайгина бўлди.

Турли вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар Шаҳрисабздаги MAQOM ART фестивалидан илҳомланиб, фарзандларини мақом санъати билан шуғулланишга бермоқчи эканликларини айтишмоқда.
"Фестивалдан илҳомланиб, фарзандларимизнинг юз-кўзидаги қизиқишни кўриб, уларга миллий мусиқа чолғу асбобларини олиб беришга қарор қилдик. Кейинчалик мусиқа мактабларида ўқиб, яхши мақом ижрочилари бўлиб етишишса, бунга айнан Шаҳрисабздаги биринчи Халқаро мақом санъати форуми сабабчи бўлганини эслаб юрамиз", - дейди самарқандлик меҳмонлардан бири.

Умуман олганда, Шаҳрисабздаги Мақом фестивали нафақат Қашқадарё вилояти, балки бутун Ўзбекистон аҳлида кўтаринки кайфият, ўз юртидан фахрланиш туйғуларини келтириб чиқарди. Бундай байрам тантаналари, фестиваллар бир томондан одамларнинг миллий мусиқага бўлган қизиқишини ошириш ва ўзаро аҳиллашувига сабаб бўлса, бошқа томондан хорижликларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада ошириш учун хизмат қилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » MAQOM ART халқ орасида миллий мусиқага бўлган қизиқишни янада оширмоқда (фото)