Лола хонандаларга лицензия берувчиларни клипи орқали яхшигина танқид қилди

  • 14 ноябрь 2019, 11:28
  • 1 588
  • Маданият
  • Лола хонандаларга лицензия берувчиларни клипи орқали яхшигина танқид қилди
    Хонанда Лола "Севгингни менга айт" деб номланган таронасига ишланган иккинчи клипини тақдим этди. Ушбу клипда хонандаларга лицензия берувчи комиссия фаолияти ўзига хос равишда очиб берилган.

    Клипда Лола лицензия олиш учун "Севгингни менга айт" қўшиғини комиссиянинг икки нафар аъзоси олдида саҳнада ижро этади. Хонанда "Ўзбекконцерт" лицензиясини олиб қўйиб, икки кундан кейин қайтариб берган Жаҳонгир Отажоновни ҳам эслаб ўтган. Унинг «Қадди баланд» таронаси янграганида комиссия аъзолари қўшиқни ўчиришни сўрайди. Лола қўшиқ айтаётганида комиссия аъзолари хонандани тўхтатиб, унинг либоси миллий менталитетимизга тўғри келмаслиги, шляпа кийиб олгани уларга ёқмаганини, шунингдек, саҳнада Лоланинг ёнида икки қиз ўрнига созандалар бўлса яхшироқ бўлишини айтади.

    Лола шляпа ўрнига чўгирма кийиб чиқади, шу пайт саҳнага «жиноятга мойил бўлган» аёллар чиқиб келади. Уларнинг тоифаси бирма-бир ўқиб эшиттирилади, "Маънавий кўмакка муҳтож аёллар" дейилганида Лола "мен" дейди ва бошқа қолган аёллар билан саҳнадан чиқиб кетади.

    Клипда, шунингдек, Лоланинг инстаграмдаги кузатувчиси ҳам иштирок этади. У хонандага қараб "Сизнинг томингиз кетганми? Ёки Марувга тақлид қиляпсизми?" деб сўрайди. Видеода соқолли эркаклар ҳам кўриниш берган.

    Клип охирида бадиий комиссия аъзоси Лолага лицензия берилгани ҳақидаги ҳужжатни имзолайди, қўшиқ эса "Ўзбек шоу-бизнесига омад, чўнтакка даромад" сўзлари билан якунланади. Хонанда бу билан лицензияни сотиб олиш мумкинлигига ишора қилган бўлиши мумкин.

    Эслатиб ўтамиз:
    Лола ўз фаолиятида бир неча маротаба бюрократик тўсиқларга дуч келган. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси 2015 йилда "ўта очиқ саҳна либослари учун" унинг лицензиясини бекор қилган эди. Лола "Ўзбекнаво"га лицензиясини қайтариб беришни сўраб мурожаат қилган, бир неча давлат тадбирларида иштирок этган эди. Бирлашма томонидан унинг лицензияси 2015 йилнинг декабрида қайтариб берилган.

    2017 йилнинг февраль ойида "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси тугатилгач, унинг ўрнига "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ташкил этилди. Ушбу муассаса хонандаларнинг ижоди, ўзини тутиши, кийиниши миллий менталитетга, ўзбекона урф-одатларга мос келишини назорат қилади.

    Аввалроқ, Лола инстаграмдаги саҳифасида пост қолдирган эди. Унда хонанда ўзбек оилаларида келинларнинг қандай қийинчиликларга дуч келиши ҳақида ўз мисолида маълумот бериб, аёлларни ўзини ҳурмат қилишга чақирган эди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Лола хонандаларга лицензия берувчиларни клипи орқали яхшигина танқид қилди