14:12 / 26.02.2020
4 472

Чорминор пойдеворида қандай ёзув туширилган?

Чорминор пойдеворида қандай ёзув туширилган?
Аввало, Бухоро шаҳридаги Чорминор меъморий ёдгорлиги ҳақида. Бу мадраса 1807 йилда халифа Ниёзқул томонидан қурдирилган. Ўз даврида кутубхонаси билан машҳур бўлган. Ўзига хос меъморий услубда барпо этилган тўртта минораси бор.Кутубхонага ҳам минора орқали чиқилган.

Юртимизга келган ҳар бир хорижий сайёҳ Чорминорни томоша қилмасдан кетмайди. Балки бунга унинг муқаддас китоблар жамланган гўша бўлгани сабабдир. Хусусан, тош битиклардаги ёзувлар кишини бефарқ қолдирмайди. Буни қарангки, Чорминорнинг пойдеворида ҳам ёзув туширилган.

- Маълумки, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган, — дейди бухоролик олим, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, манбашунос Комилжон Раҳимов. - Бу кўҳна шаҳар қадимий ёдгорликларидаги битикларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, мазмун – моҳиятини халқимизга етказиш борасидаги ишлар қамровини янада кенгайтирмоқда.

Чорминор меъморий мажмуасининг пойдеворидаги харсанг тошга келсак, унда Мавлоно Абдураҳмон Жомий (1414–1492) қаламига мансуб “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) таркибига кирган “Туҳфат ул-аҳрор” достонидан иқтибос маҳорат билан битилган. Мазкур достоннинг “Тариқат қутби, халойиқ мададкори Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (Аллоҳ унинг сирини муқаддас қилсин)” номли бобдан келтирилган иқтибос настаълиқ хатида тошга ўйиб ёзилган:

Сикка, ки дар Ясрибу Батҳо заданд,
Навбати охир ба Бухоро заданд.
Аз хати он сикка нашуд баҳраманд,
Ҷуз дили бенақши шаҳи Нақшбанд.
В-он гуҳари пок на ҳар ҷо бувад,
Маъдани он хоки Бухоро бувад.


Мазмуни эса қуйидагича: Аллоҳ таоло аввал Ясриб билан Батҳо (Макка ва Мадина)га, охирида Бухорога шарифлик муҳрини босди. Ушбу шарафдан баҳраманд бўлмоқ ҳаммага ҳам насиб этмади, бунга фақат Шоҳ Нақшбанд сазовор бўлди. Бу покиза гавҳар ҳар ерда учрамайди. Унинг кони Бухоро тупроғидадир.

Мақоламиз сўнгида бир таклифни ўртага ташламоқчимиз. Шу каби ёзувлар мазмун – моҳияти ҳақида уч – тўрт тилда ихчам маълумотлар тайёрланиб, улар тегишли ёдгорликлар ёнига қўйиб қўйилса зиён қилмасди. Бу сайёҳлар қизиқишига қизиқиш қўшар, хусусан, ёшларимизнинг билимини мустаҳкамлаб, уларнинг бой миллий маданий меросимизга меҳру муҳаббатини янада оширган бўлар эди.

Истам ИБРОҲИМОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Чорминор пойдеворида қандай ёзув туширилган?