00:22 / 31.08.2020
10 489

Саида Раметова ўзбек актёрларига ишонмай пушаймон бўлгани ва тарихий сериалдаги роли ҳақида (видео)

Саида Раметова ўзбек актёрларига ишонмай пушаймон бўлгани ва тарихий сериалдаги роли ҳақида (видео)
Фото: «Дарё»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ҳамда журналист, телебошловчи Шоҳира Ҳамро ташкиллаштирди.

Актриса Саида Раметова суҳбат давомида Жалолиддин Мангуберди тарихий сериалида ижро этаётган роли ҳамда ўзбек актёрларига шубҳа қилиб, пушаймон бўлгани ҳақида гапириб берди.

- "Турк сериалларини қолдирмасдан кўрганим учун доимо ‘шу сериалларда суратга тушсам’, деб орзу қилардим. Жумадулла ака ‘эй, хом хаёлсиз-да, нималарни ўйлаб, нималарни орзу қиласиз’, деб қўярдилар.

Жалолиддин Мангуберди тарихий сериали учун юртимизда кастинг ишлари бўлиб ўтди. Жуда ҳам кўп актрисалар кастингда иштирок этишди. Менимча, ҳамма актрисалар ҳам кастингни яхши топширишди, аммо менинг ичимда шу сериалда роль ижро қилиш хоҳиши жуда баланд бўлгани учунми, хуллас, Аллоҳ менга йўл берди.

Бошида ‘туркларнинг актёрлари кучли, қандай бўлар экан?’, деб қўрқдим. Аммо жараён бошлангач, актёрларимизга қойил қолдим, ролларини меъёрига етказиб ижро қилишмоқда. Бизнинг актёрлар сценарийни ҳам ҳаттоки турк тилида ёдлаб, ижро қилишмоқда. Турк актёрлари, режиссёрлари ҳам актёрларимизга қойил қолишди.

Мен Жалолиддин Мангуберди сериалида Ойгул ролини ижро этдим. Ойгул Туркон хотуннинг ўнг қўли ҳисобланиб, бутун саройни бошқаради. Туркон хотунни турк актрисаси ижро этмоқда, жуда кучли актриса экан, ролини маҳорат билан ижро этмоқда.

Менимча, барча роллар тўғри тақсимланган. Ўзимни ролим жуда ёқди. Ҳозир ярмидан кўпи сёмка бўлди, бироқ қайтишга мажбур бўлдим.

Ҳар бир актёр уч ойлаб ролга тайёргарлик кўрди. Жалолиддин Мангубердининг авлод-у аждодини ўрганди. Ҳеч ким ролга кўр-кўрона ёндошмас экан.

Отни устида машқлар қилиб, қиличбозлик билан шуғулландик. Раъно Шодиева, Райҳон Уласенова, Феруза Норматова, Юлдуз Ражабова актрисаларимизга, актёр йигитларимизга қойил қолиш керак. Чунки уларнинг барчаси отда чавондоздек чопишни, қиличбозликни ўрганишди.

Ўзимизнинг актёр-актрисалар ‘эплай олмаса керак’, деб ўйлаганимга пушаймон қилдим
", - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Саида Раметова ўзбек актёрларига ишонмай пушаймон бўлгани ва тарихий сериалдаги роли ҳақида (видео)