Ўзбекистонда ҳар куни 13 дан ортиқ ЙТҲ содир бўлмоқда

2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сони юқорилигича қолмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь–июнь ойлари давомида мамлакат бўйлаб 2 286 та ЙТҲ қайд этилган. Бу эса ҳар куни ўртача 13 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганини англатади.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур ҳодисалар оқибатида жами 3 306 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Пойтахтда олти ой ичида 420 та йўл ҳодисаси қайд этилган бўлиб, бу республика бўйича умумий кўрсаткичнинг 18,4 фоизини ташкил этади. Яъни мамлакатдаги деярли ҳар бешинчи ЙТҲ Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.
Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (311 та), Тошкент вилояти (271 та) ва Фарғона вилояти (218 та) жойлашган. Шунингдек, Наманган вилоятида 196 та, Андижонда 160 та, Қашқадарёда 135 та, Сурхондарёда 120 та, Қорақалпоғистон Республикасида 114 та, Хоразмда 85 та, Навоийда 83 та, Жиззахда 75 та ва Сирдарё вилоятида 50 та ЙТҲ қайд этилган.
Энг кам йўл-транспорт ҳодисаси Бухоро вилоятида кузатилган бўлиб, бу ерда олти ой давомида 48 та ЙТҲ расман рўйхатга олинган.
Таққослаш учун, 2025 йил якунида мамлакат бўйича жами 9 226 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Улар оқибатида 2 188 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган, яна 8 901 нафар фуқаро турли оғирликда жароҳатланган.
Статистика шуни кўрсатмоқдаки, 2026 йилнинг дастлабки ярмида қайд этилган ЙТҲлар ўтган йилдаги умумий ҳодисаларнинг қарийб чорак қисмини ташкил қилган. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи долзарблигича қолаётганини яна бир бор намоён этмоқда.






























Изоҳлар 0
…