ЖССТдан Ўзбекистон учун муҳим огоҳлантириш: зилзила хавфи юқори

ЖССТдан Ўзбекистон учун муҳим огоҳлантириш: зилзила хавфи юқори

Зилзилалар дунёда инсонлар ҳаётига энг кўп талафот етказадиган табиий офатлардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари ҳам юқори сейсмик фаоллик зоналарида жойлашгани боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу борада муҳим огоҳлантириш билан чиқди.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2000–2023 йиллар давомида табиий офатлар билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ярмидан ортиғи айнан зилзилалар ҳиссасига тўғри келган. Мутахассислар Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари юқори сейсмик хавф зонасида жойлашганини таъкидламоқда. Шунингдек, қарийб 11 миллион аҳоли яшайдиган Фарғона водийсига алоҳида эътибор қаратилган.

Ташкилот қайд этишича, эҳтимолий зилзилалар вақтида тиббиёт тизимининг тайёрлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 2023 йилда Туркия ва Сурияда содир бўлган кучли зилзилалар шифохоналар ишдан чиққан тақдирда минглаб жабрланганлар ўз вақтида тиббий ёрдамсиз қолиши мумкинлигини намоён қилди.

Экспертлар фикрича, шифохоналарни сейсмобардош қилишга сарфланадиган маблағ офатдан кейинги тиклаш харажатларига нисбатан анча кам. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, янги тиббиёт муассасаларини сейсмик талабларга мос қуриш лойиҳа қийматини 4 фоиздан камроққа, мавжуд биноларни мустаҳкамлаш эса тахминан 1 фоизга оширади.

ЖССТ, шунингдек, мунтазам ўқув машғулотлари ўтказиш, шошилинч тиббий гуруҳлар тайёргарлигини кучайтириш, хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш ва кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар каби аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни тавсия этмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йирик зилзилаларнинг асосий сабоғи битта — табиий офат содир бўлишини кутмасдан, унга олдиндан тайёргарлик кўриш инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар