22:44 / 15.02.2018
4 487

Оғуфурушнинг юришмаган "ови"...

Оғуфурушнинг юришмаган "ови"...
Янгийуллик Ачилов Бахтияр ҳам оғуфурушлик жиноятига қўл уришдан олдин бунинг оқибати ҳақида ўйлаб кўрмаганди. Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи йигитлар билан салом-алик қилиб юрган Бахтиярнинг ўзи ҳам кўп ўтмай бу иллатни юқтириб олди. Аввалига нашани беминнат “туҳфа” қилиб юрган танишлари бора-бора унга бу матоҳни текинга бермай қўйишди. Энди яхшигина пул чиқармаса, ширин кайф улашувчи овунчоғидан қуруқ қоладиган бўлди. Ўйлаб-ўйлаб унга текин эга бўлиш чорасини топди. 2016 йилнинг баҳор ойларида ўзи яшаётган Шўралисой қфй ҳудудидаги Жўрариқ каналининг қарама-қарши томонидаги жарликка ҳеч кимга билдирмайгина бир танишидан олган марихуана ўсимлиги уруғини сепди. Бу ўсимлик ўсиб чиқиб, тайёр маҳсулотга айланса, нафақат ўз эҳтиёжига ярайди, уни сотиб яхшигина фойда ҳам кўриши мумкин, ахир. Куз ойларига бориб гиёҳвандлик ўсимлиги пишиб етилди. Бахтияр катта бойликка эга чиққандай хурсанд бўлди. Уни ими-жимида узиб олиб, киши кўзига ташланмас жойга яшириб қўйди. Кўнгли тусаганда ўзи учун тайёрлаб, истеъмол қилиб юрди. Шу билан бирга, зимдан маҳсулотига харидор топиш пайида бўлди.

Кунларнинг бирида у кутган мижоз ҳам оёғи остидан чиқди. Кўчада кўришиб қолган Тураходжаев Элдор деган ҳамтовоги Бахтиярга чекишга наша кераклиги, кимда бўлса, сотиб олмоқчи эканини айтиб қолди. Молини ўтказишга имкон пайдо бўлганини сезган Бахтияр танишига у айтган нарса ўзида топилишини, агар истаса бир илож қилиб етказиб беришини шаъма қилди. Элдор ҳам ўлиб турган эканми, дарагини эшитдию, харидор бўлди-қолди. Сотиладиган гиёҳвандлик моддасининг миқдори, унинг баҳоси ва олди-берди қилиш учун учрашиш жойини иккаласи келишиб олишди. Бахтияр етиштирган нашасини жами беш дона қоғоз бўлакларига ўраб жойлаштирди. Унинг бир донасини ўзи истеъмол қилиши учун ажратган бўлса, тўрт донасини 200.000 сум пул эвазига харидорга етказишни мўлжаллади. 2017 йилнинг 28 март куни тахминан соат 15.00ларда Шўралисой қфй, Х.Турсунқулов жамоа хўжалигидан кесиб ўтувчи кўприк устида Элдор билан учрашиш максадида йўлга чиқди.

Бахтияр қўлга киритажак пулни уйлаб кайфияти чоғ ҳолда кўчада кетаётган вақтида кутилмаган ҳолат юз берди. Тўсатдан қаршисида пайдо бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уни қўлга олмоқчи бўлишди. Ширин уй-хаёли бир зумда ҳавога учган нашафурушнинг қонун посбонларидан қочиб қутулиш учун қаршилик кўрсатиши беҳуда кетди. Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида гумондор сифатида ушланган Б.Ачилов ҳибсхонага олиб борилиб, холислар иштирокида текширувдан ўтказилди. Олдиндан тўғри шубҳа остига олинганидек, унинг чўнтагидан умумий оғирлиги 20,03 граммга тенг марихуана гиёҳвандлик воситаси чиқди.

Бу пайтда Элдор Тураходжаев кўприк устида Бахтиярни кутиб турарди. Келишилган вақт ўтиб бораяпти ҳамки ундан дарак йўқ эди. Орадан бир соатга яқин фурсат ўтгач, Элдор шеригининг келишидан умидини узди. Ичида уни буралатиб сўкканича ноилож уйига қайтиб кетди.

Б.Ачилов дастлабки сўроқ пайтидаёқ айбига тўлиқ иқрор бўлди. Юзма-юз кўриштириш пайтида Э.Тураходжаев ҳам буни тасдиқлади.

Жиноятга жазо муқаррар. Манфур йўлга қадам босган Б.Ачиловга суд томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Сўнгги пушаймон — ўзингга душман, деб бекорга айтмайдилар. Мукаддам содир этган жинояти учун судланган Бахтияр жазони ўтагач, қайтиб бу разолат кўчасига кирмаслиги керак эди. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. Аммо Б.Ачиловга ўхшаган кимсаларга ҳаёт йўлида қоқиниш ҳеч бир дарс бўла олмас экан. У жиноят кўчасида яна қайта адашишни тўғри деб билди ва бунинг учун охир-оқибат қонун қаршисида жавоб бериши мумкинлигини ўйламади. Энди эса оиласи бағрида, яқинлари орасида бахтиёр ва хурсандчилик билан кечиши керак бўлган умрининг бир неча йилларини панжара ортида ўтказишга маҳкум.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оғуфурушнинг юришмаган "ови"...