03:10 / 14.04.2023
446

Равшан Ҳайдаров: "Ҳеч кимга, ҳатто Осиё чемпиони бўлган футболчиларга ҳам асосий таркибдан жой кафолатланмаган"

Равшан Ҳайдаров: "Ҳеч кимга, ҳатто Осиё чемпиони бўлган футболчиларга ҳам асосий таркибдан жой кафолатланмаган"

Осиё чемпиони – Ўзбекистон U20 терма жамоамизни олдинда жаҳон чемпионати кутиб турибди. Тез орада бош мураббий Равшан Ҳайдаров ва унинг шогирдларини янада жиддий, унутилмас ва ўта масъулиятли ўйинлар қарши олади.

Мундиалга муносиб тайёргарлик кўриш учун вакилларимиз ўқув-машғулот йиғинини бошлаш арафасидалар. Айнан тайёргарлик олдидан Равшан Ҳайдаров Sports.uz сайтига бўлажак режалар, тайёргарлик жараёнлари ва жаҳон чемпионати хусусида гапирди.  

Бўлажак йиғин тўғрисида

- Футболчиларимиз ўз клубларига қайтиб, 2-3 та ўйинларда иштирок этишяпти. 15 апрелдан йиғинимизни бошлаймиз. Бу галги ўқув-машғулотимиз Испанияда бўлиб ўтади. Ҳозир шу йиғинга тайёргарлик кетяпти. 15 апрель куни терма жамоага жалб қилинган ўйинчилар ихтиёримизга етиб келишади. Шу билан жаҳон чемпионатига тайёргарлигимиз режа асосида давом этади. Испанияда 17-28 апрель кунлари давомида йиғин ўтказамиз. У ерда 3 та ўртоқлик учрашувлари режалаштирилган. Бразилия, Доминикан ва Гибралтар терма жамоаларига қарши майдонга тушамиз. Футболчиларимизни жаҳон чемпионатига тайёргарлик давомида мана шундай учрашувлар орқали яна синаб, ўйин амалиётларини ошириб борамиз. Рақиблар ҳам яхши танланган. Ушбу учта ўйинни танлаганимиз сабаби шуки, бу орқали жаҳон чемпионатидаги гуруҳ босқичи моделини синаб кўрмоқчимиз. Испаниядан қайтиб келганимиздан сўнг тайёргарлигимизни 1-10 май оралиғида Тошкентда давом эттирамиз. Режамиз бўйича 10 май санасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган мамлакатга йўл оламиз.

Бразилияга қарши баҳс – ҳақиқий мотивация!

- Албатта, бундай ўйинларни ўтказиш жуда муҳим. Йигитларимиз Осиё чемпионатида ўз ўйинлари билан ва қитъа ғолиби бўлгач, мавқеларини, рейтингини кўтара олдилар. Шу сабабли кучли жамоалар билан учрашувларни ташкил этиш осонроқ бўляпти. Албатта, жамоамизнинг мақоми бундай учрашувларни келишишда ва ўйин ташкил қилишида катта роль ўйнайди. Ҳарқалай Осиё чемпионлиги қўлга киритилганидан кейин ўзбек футболининг рейтинги ҳам анча ошди.

U23 ва U20 терма жамоаларимиз билан қўлга киритилган Осиё чемпионликлари ўртасидаги тавофут

- Олдинги терма жамоадаги йигитлар тажрибалироқ эди. U23 Осиё чемпионатига жуда катта тайёргарлик билан келишганди. Ўша таркибда 2015 йилги Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатида қатнашган футболчилар бор эди ва бу тажриба ҳам катта роль ўйнаган. Бундан ташқари, Осиё чемпионатида ҳам иштирок этишган. Фарқи шундаки, ҳозирги йигитларда у қадар тажриба йўқ эди. Лекин тайёргарлик жараёнида тажрибани сингдиришга ҳаракат қилдик. Ҳарқалай бу жамоамиз ёшроқ. Олдинги терма жамоамиз билан Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати U23 чемпионатларига етиб боргандик. Мана, энди тарих қайтариляпти. 18-19 ёшдаги футболчилар билан Осиё чемпионатида биринчи қатнашишимиз, энди жаҳон чемпионатида иштирок этамиз. Ундан сўнг U23 терма жамоасига айланишади. Бу жамоа ҳам аниқ тизим билан кетяпти ва ўша йўлни босиб ўтяпти. Биз энди янада тажрибалироқ бўлдик ва мураббийлар штабининг ҳам маҳорати анча шаклланди. Олдинги қилинган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиляпмиз. Ўйин ташкил қилишимиз ҳам сифатлироқ бўляпти. Ҳозирги тизимга мос равишда тайёргарликни давом эттиряпмиз.

Мундиалдаги имкониятимиз ҳақида

- Мақом бўйича биз жаҳон чемпионатига Осиё чемпиони сифатида ташриф буюряпмиз. Бунинг албатта масъулияти бўлади. Барча тайёргарлигимизни шунга яраша бажаришимиз керак. Албатта, бу осон бўлмайди. Жаҳон чемпионатида жамоаларнинг сифати ҳам, савияси ҳам жуда юқори бўлади. Ўша савияга яқинлашиш ва буни ҳис қилиш учун Бразилиядек рақибларга қарши ўйинлар ташкил қилмоқдамиз. Жаҳон чемпионати савиясига мос келиш учун юқори даражада тайёргарликларни ташкил қиляпмиз.

Ҳайдаров чинакамига терма жамоа мураббийими?

- Мен анча йиллардан бери ёшлар билан ишлаб келяпман. Ўсмирлар, ёшлар, U23 терма жамоаларимиз, умуман ҳаммаси битта мақсад йўлида ишлайди – миллий терма жамоамизга сифатли футболчиларни етказиб бериш. Бу миссияда ўзимни қулай ҳис қиляпман.

Йиғинга яна янги ўйинчилар чақирилдими?

- Янги футболчилар деб кимни айтиш мумкин? Масалан, бу йиғинимизга Умид Султонов, Музаффар Мўминов кабилар ҳам таклиф қилинган. Қолганлар синовдан ўтган ўйинчилар. Осиё чемпионатида қатнашмаган йигитлар ҳам бор. Ҳаммага имконият беришга ҳаракат қиламиз. Осиё чемпионатида иштирок этган 23 нафар ўйинчидан ташқари яна рўйхатимизда бўлган ва рақобат қила оладиган 7-10 нафар футболчилар бор. Ҳеч кимга, ҳатто Осиё чемпиони бўлган футболчиларга ҳам асосий таркибдан жой кафолатланмаган.

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Ҳайдаров: "Ҳеч кимга, ҳатто Осиё чемпиони бўлган футболчиларга ҳам асосий таркибдан жой кафолатланмаган"