date
views 252

Максим Шацких: "Ҳар бир соврин футболчи ва мураббийлар учун жуда муҳим"

Максим Шацких: "Ҳар бир соврин футболчи ва мураббийлар учун жуда муҳим"

Фото: championat.asia

Ўзбекистон Суперкубоги учун беллашувдан аввалги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг биринчи қисмида "шерлар" устози Максим Шацких ва ярим ҳимоячи Одил Ҳамробеков иштирок этди

"Эртага ўйин қизиқ бўлиши аниқ. Биз чиройлироқ футбол ўйнаш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз ва умид қиламанки, ўйин мухлисларга ёқади. Мухлисларни стадионда кутиб қоламиз ва биз эса майдонда чиройли футбол намойиш этамиз. Натижани эса ўйиндан кейин билиб оламиз", - деди Максим Шацких.

Одил Ҳамробеков: "Эртанги учрашув ўз номига мос. Финалларда хатолар кечирилмайди. Жамоа билан эртанги учрашувга жиддий тайёргарлик кўрдик ва эртанги учрашувга тайёрмиз".

- Август ойидаги "Пахтакор"нинг зич тақвимидаги сўнгги ўйинлардан бири, устига-устак ушбу рақиб билан бир ҳафта олдин тўқнаш келган эдингизлар. Эртанги учрашув сиз учун қанчалик принципиал аҳамиятга эга?
"Ҳар бир соврин футболчи ва мураббийлар учун жуда муҳим. Соврин тарихда қолади ва ушбу совринни қўлга киритиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Эртага кубок финали ва ушбу совринни ҳеч ким рақибга бериб юборишни хоҳламайди. Эртага сифатли ўйин ва ўзимиз истаган натижага эришамиз деган умиддаман".

- Суперлига доирасида кечган "Насаф"га қарши учрашувда жамоанинг асосий футболчиси Драган Черансиз "реализация" бўйича муаммоларга дуч келди. Эртанги учрашувда Черанни ҳисобга олмасак, қўшимча режангиз борми?
- Ўзгариш бўладими йўқми эртага билиб оламиз. Ўз режамни айтиб қўйишим мантиққа тўғри келмайди. Таркибни ўйиндан аввал аниқлайман. Чемпионат ва кубок баҳсларини солиштириш нотўғри деб ўйлайман. Чемпионат узоқ вақт давом этадиган мусобақа, кубок баҳслари эса хатони кечирмайди ва бор йўғи бир ўйин ўтказилади. Ўйинга тайёргарлик ҳам бошқача бўлади. Эртага "Пахтакор" намойиш этадиган ўйин, бир ҳафта олдинги ўйиндан фарқ қилади.

- Кубок ва чемпионат баҳсларининг фарқи бор дедингиз. Айнан футболчи ва мураббийлар учун ушбу учрашувлар қандай фарққа эга? Қаршида кечган ва эртага бўлиб ўтадиган ўйин футболчилар учун қанчалик фарқ қилади, балки тайёргарлик ва мотивация бошқача бўладими?
"Сиз айтиб ўтган жиҳатларда ўзгаришлар бўлмади. Биз ўйинларни таҳлил қилиб чиқдик. Рақибнинг сўнгги ўйинини кўрмадик, сабаби биз эртага ўзимизнинг ўйинимиздан келиб чиқиб ўйнаймиз. Қаршида бўлиб ўтган учрашувда жамоага ғалаба қозониш учун етишмаган жиҳатларни тўғрилаймиз".

- Ўзимизнинг ўйинимиздан келиб чиқиб ўйнаймиз деяпсиз, демак эртага "Пахтакор" кўпроқ ҳужум қилиб, тўпга кўпроқ эгалик қиладими?
- Қаршидаги ўйинда ҳам шундай ҳолат бўлган эди. Қаршида фақат кўп голли вазиятлар ярата олмаган эдик. Сўнгги учрашувдан сўнг айтиб ўтганимдек, ҳозир жамоада сўнгги пас ва вазиятни якунлаш бўйича муаммо бор. Ушбу муаммони тез орада бартараф этишимизга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: "Ҳар бир соврин футболчи ва мураббийлар учун жуда муҳим"