
Бокс бўйича оғир вазн тоифасидаги чемпионлар Тайсон Фюри ва Олександр Усик ўртасидаги тарихий баҳс учун шартнома имзоланди. Жанг Саудия Арабистонининг Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтади.
Шартноманинг қўшимча тафсилотлари, жумладан, жанг санаси ҳозирча ошкор этилмаган. Тахминларга кўра, баҳс 23 декабрда бўлиши ҳам мумкин.
35 ёшли британиялик Фюри WBC чемпиони, 36 ёшли украиналик Усик эса WBA, WBO ва IBF унвонлари соҳиби ҳисобланади.
«Ниҳоят, бу жанг учун шартнома имзолаганимдан хурсандман», деди «Queensbury» промоутери Фрэнк Уоррен. «Бу спортимиздаги энг катта жанг».
Ғолиб тўртта белбоғ даврида оғир вазндаги биринчи мутлоқ чемпионга айланади. 2008 йилда профессионал бўлганидан бери Фюри 33 та жангда ғалаба қозонган ва биттасида дуранг қайд этган, бирор марта ютқазмаган. Усик профессионал рингдаги 21 та жангининг барчасида ғалаба қозонган.
«Оғир вазнли спортчилар ҳар доим мухлисларнинг эътиборини тортади ва мен бу асрнинг энг йирик бокс воқеаси бўлишига шубҳа қилмайман», деб қўшимча қилди Уоррен.
Леннокс Люис 1999 йилда Эвандер Ҳолифилдни мағлуб этиб, WBA, WBC ва IBF чемпионлик унвонларини сақлаб қолганидан бери ҳеч ким оғир вазн тоифасида мутлоқ чемпион бўлмаган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!