19:17 / 18.01.2024
143

Азамат Абдураимов: "Игорь Сергеев бугун марказий ҳужумчи ролида ўйнаши керак"

Азамат Абдураимов: "Игорь Сергеев бугун марказий ҳужумчи ролида ўйнаши керак"

Осиё Кубогидаги стартдан сўнг терма жамоамиз ҳақида турли фикрлар янграшда давом этмоқда. Бугун иккинчи ўйин ва бунда ғалабадан бошқа натижа қониқтирмайди. Аммо ғалаба учун аввалги ўйинлардаги камчиликларни бартараф этиш, ўзгаришларга қўл уриш керак бўлади. Тажрибали мутахассис ва собиқ футболчи Азамат Абдураимов бу борада вазиятни таҳлил қилиб кўрди.

— Ўйлайманки, Катанец тўғри хулоса чиқаради ва тайёргарлик жараёнидаги хатоларни инобатга олади. Энг яхши тайёргарликка эга ва позицияларга мос келадиган футболчиларга ўзини кўрсатиш учун имкон беради, деган умиддаман. Дейлик Шомуродовнинг жароҳатидан сўнг марказий ҳужумчи позициясига футболчи тайёрлаш зарурлиги кўриниб қолди. Катанец илк ўйинда Ўруновга ишонч билдирди. Лекин бу унинг жойи эмаслигини ҳаммамиз кўрдик. У қанотда ўйнашга ўрганиб қолган. Айнан ўз позициясида энг яхши ўйинини кўрсата олади.

— Афсуски, мураббийлар штаби ҳужумда фақат Элдорга боғланиб қолишди. Аввалги 2 йил давомида Сергеев ва бошқа ҳужумчилар терма жамоада етарлича ўйин амалиётига эга бўлишмади. 5-10 дақиқа футболчига ўйин схемасига мослашиш ва ўзаро тушуниб олиш учун етарли вақт эмас. Буни собиқ ҳужумчи сифатида айтишим мумкин. Элдор жароҳат олди ва бизда "Б" режа йўқлиги ойдинлашди. Бу мураббийлар штабининг камчилиги.  Худди шу нарса дарвозабон позициясида ҳам бор. Бугунги кунда Нестеров ёки Бугало каби биринчи рақамли дарвозабонлар йўқ. Катанец бошқа дарвозабонларга ўзини кўрсатишига имконият бермай, Юсуповга ишонди.

— Сурия билан биринчи бўлимдаги ўйин шуни кўрсатдики, биз бу таркибдаги футболчилар билан рақибнинг ҳимоясини ёриб ўта олмаймиз. Бугун ҳам шундай манзара гувоҳига айлансак керак. Клубида самарали ҳаракат қилаётган Игорь Сергеев марказий ҳужумчи ролида ўйнаши керак.  Қанотларда Файзуллаев ва Ўруновни кўришни истардим. Улар ностандарт қарорлар орқали рақиб ҳимоясини ёриб ўтиши мумкин бўлган футболчилардир. Сергеев эса иккинчи қаватда яхши ўйнайдиган "классик" ҳужумчи ҳисобланади.

— Қолаверса терма жамоада ўз ортидан эргаштиришга тайёр бўлган янги етакчилар топиш керак. Менимча, Отабек Шукуров бу вазифани бажаришга аллақачон етиб келган. У марказда ўйнайди ва ҳужумни ўзи охирига етказа олади. Узоқдан зарбалар йўллаши мумкин.  Биз Ҳиндистондан маҳорат бобида устунмиз. Уларни албатта ютишимиз керак. Йигитлар бирлашган ҳолда ўзларининг энг яхши томонларини кўрсатишсин. Бу ғалабани бутун Ўзбекистон кутмоқда. Терма жамоамизга омад тилайман.

 Муаллиф: Iskandarov Abdulaziz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азамат Абдураимов: "Игорь Сергеев бугун марказий ҳужумчи ролида ўйнаши керак"