08:24 / 16.03.2024
218

Бу энди олдинги "Қизилқум" эмас ёхуд Қаршида оддий ўйин бўлмайди

Бу энди олдинги "Қизилқум" эмас ёхуд Қаршида оддий ўйин бўлмайди
Суперлигамизнинг 3-тур учрашувлари давом эттирилмоқда. 16 март оқшомида яна иккита ўйин ўтказилади. Улардан бири Қаршида “Насаф” ҳамда “Қизилқум” ўртасида кечади. Мазкур беллашувга қизиқиш анча баланд. “Насаф” ҳам, “Қизилқум” ҳам дастлабки иккита ўйинда ютқазишгани йўқ. Айниқса, навоийликлар иккала беллашувда ҳам ғалаба қозонишгани эътиборга молик. Жамшид Саидов жамоасининг намойиш этаётгани хусусида кўплаб ижобий фикрлар эшитилмоқда. Олдинда турган ўйин эса “Қизилқум” учун жиддий имтиҳон вазифасини ўтайди.

Чемпионатимизда ҳозирча ўз дарвозасидан гол ўтказмаган ягона клуб “Насаф” бўлиб турибди. Лекин урган голлари оз. Иккита турда биттадан гол урди. Бу борада “Қизилқум”нинг киритган голлари анча салмоқли. 2 та турда рақиблар дарвозасига 5 та гол урди ва 2 та тўп олиб чиқди. Саидов жамоаси бу йил рақибларига ҳужумкор ўйин таклиф қилаётганини ортда қолган иккита учрашувда кўрдик. “Насаф”га қарши қандай тактикани қўллаши қизиқ. Лекин кучли рақибга ҳужумкор ўйинни таклиф қилиши даргумон бўлиши ҳам мумкин. Чунки “Насаф” майдонида бундай тактикани қўллаш таваккал дегани. “Қизилқум” меҳмонда аввало ҳимоя қўрғонини мустаҳкам қилиш, мезбонларнинг ҳужумларига дош берган ҳолда қарши ҳужумда омадини излашга уриниб кўради. Ҳарқалай бу бизнинг тахминимиз. Агар Жамшид Саидов бирор-бир сюрприз билан бизни ҳайрон қолдирмаса ўйин сценарийси биз таъкидлаб ўтган режа асосида давом этиши мумкин.

“Насаф” – “Қизилқум” ўзаро ўйинлар статистикасида бунгача чемпионатимиз тарихида 50 маротаба беллашишди. Катта устунлик қаршиликлар тарафида. Боиси, “Насаф” “Қизилқум”ни 30 бор мағлубиятга учратди. “Қизилқум” эса фақат 7 мартагина рақибини енгган ва яна 13 та учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 94\49 табиийки “Насаф” фойдасига.

Ўтган йилги чемпионатда ҳар иккала даврада бу жамоалар дурангга рози бўлишди. Навоийда 1:1, Қаршида 0:0 ҳисоблари кузатилган. “Қизилқум” охирги марта “Насаф” устидан 2018 йили ғалаба қозонган. Ўшанда навоийликлар ўз уйида 2:0 ҳисобида рақибини мағлубиятга учратган. Қолаверса, “Қизилқум” “Насаф” майдонида фақат бир марта – 2008 йили 0:1 ҳисобида ғолиб чиққан.

Умуман, “Қизилқум” жамоасини “Насаф”га қарши мураккаб ўйин кутяпти. Лекин Рўзиқул Бердиев шогирдлари ҳам бўлажак учрашувга жиддий тайёрланаётганига шубҳа йўқ. Ўтган турда Тошкентда “Пахтакор” билан дуранг ўйнаган қаршиликлар чемпионлик вазифаси йўлида курашаётган экан йўқотиладиган ҳар бир очко якунда қимматга тушади ва буни “Насаф” жуда яхши ҳис қилиб турибди. Албатта, статистика ўз йўлига. Ҳаммаси майдонда 90 дақиқа ичида маълум бўлади. “Насаф” – “Қизилқум” тўқнашуви бу сафар бошқача бўладигандек...

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бу энди олдинги "Қизилқум" эмас ёхуд Қаршида оддий ўйин бўлмайди