date
views 194

Чемпионлар лигаси финалида ғалаба қозониш эҳтимоли юқори клуб "Интер"ми ёки ПСЖ?

Чемпионлар лигаси финалида ғалаба қозониш эҳтимоли юқори клуб "Интер"ми ёки ПСЖ?
Европа футболидаги энг нуфузли мусобақа — УЕФА Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи финал баҳси олдидан турли таҳлилчи платформалар ўз прогнозларини эълон қилмоқда. Хусусан, “Opta” номли статистик ва таҳлилий ресурснинг суперкомпютери финал натижасини олдиндан баҳолади.

Унга кўра, ғалаба қозониш эҳтимоли энг юқори бўлган жамоа — Франциянинг ПСЖ клуби. Парижликлар 53,7% имконият билан финал фаворити сифатида кўрсатилмоқда. Уларнинг рақиби — Италиянинг машҳур ва тажрибали “Интер” клуби эса 46,4% ғалаба эҳтимоли билан иккинчи ўринда турибди.

ПСЖ финалга йўл олиш учун Англиянинг “Арсенал” жамоасини икки ўйин натижасига кўра ишончли тарзда мағлуб этди — умумий ҳисобда 3:1. Бу жамоанинг кейинги йиллардаги энг муваффақиятли халқаро чиқишларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Миланнинг “Интер” клуби эса “Барселона”га қарши драматик дуэлда финал йўлланмасини қўлга киритди. Биринчи ўйинда 3:3 ҳисобидаги дурангдан сўнг, жавоб учрашувида 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, тўрт йиллик финалсизликка барҳам берди.

Ушбу финал ПСЖ учун тарихий аҳамиятга эга. Чунки клуб ҳалигача Чемпионлар лигаси финалида ғалаба қозонмаган ва бу — биринчи соврин бўлиши мумкин. Уларнинг сўнгги йиллардаги трансфер сиёсати, молиявий салоҳияти ва жамоавий таркиби айнан шундай натижага қаратилган.

Бошқа томондан, “Интер” бундай совринни аввал 3 марта ютиб бўлган — 1964, 1965 ва 2010 йилларда. Жозе Моуриньо бошчилигидаги сўнгги чемпионликдан бери жамоа яна элитага қайтишни вада қилганди — ва энди бу ваъда амалга ошиши мумкин.

Финал нафақат клублар, балки футболчилар, мураббийлар ва бутун фанатлар учун улкан маънога эга. Optaнинг прогнозлари рақамларда ўз ифодасини топган бўлса-да, футболда ҳар қандай кутилмаган вазият ўз сўзини айтиши мумкин.

31 май кунги финал баҳсида ким ғоли чиқади — тажрибага бой “Интер”ми ёхуд илк бор Европа тахтига интилган ПСЖми? Жавоб энди тарих саҳифаларига ёзилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпионлар лигаси финалида ғалаба қозониш эҳтимоли юқори клуб "Интер"ми ёки ПСЖ?