date
views 181

"Интер" – "Барса" ўйини Италия футбол тарихидаги энг даромадли баҳсга айланди

"Интер" – "Барса" ўйини Италия футбол тарихидаги энг даромадли баҳсга айланди
Миланнинг машҳур “Интер” клуби “Сан-Сиро”даги “Барселона”га қарши ўйинда нафақат финалга чиқиш, балки Италия футболида молиявий рекорд ўрнатишга ҳам эришди. Чемпионлар Лигаси ярим финал жавоб баҳси Италия футболи тарихида энг кўп даромад келтирган ўйин сифатида қайд этилди.

Мазкур беллашувда “Интер” рақибини 4:3 ҳисобида мағлуб этди (икки ўйин натижасига кўра 7:6) ва Европа футболидаги финалга йўл олди. Ушбу драматик тўқнашувни жонли кузатиш учун “Сан-Сиро” стадионига 75 504 нафар томошабин ташриф буюрди. Улардан 4 253 нафари меҳмон секторида жойлаштирилди.

Ушбу тарихий кеча клуб учун жуда катта иқтисодий ютуқ олиб келди — жами 14,7 миллион евролик чипта сотуви қайд этилди. Бу Италияда бир ўйин учун чипта даромади бўйича мутлақ рекорд ҳисобланади.

Аввалги рекорд ҳам айнан “Интер”га тегишли эди. 2023 йилда ўтказилган Милан дербисида, “Интер” “Милан”ни ярим финалда 1:0 ҳисобида енгган (икки ўйин натижасига кўра 3:0) ва ўшанда чипта сотувидан 12,5 миллион евро фойда кўрган эди.

Янги натижа "нерадзуррилар"нинг маркетинг, бренд қадрияти ва мухлислар базасининг қудратини яна бир бор намоён этди. Шунингдек, Италия футболида юқори даражадаги ўйинлар ҳали ҳам катта қизиқиш уйғотиши ва иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда фойдали эканини кўрсатди.

“Интер” ПСЖга қарши финалга тайёргарлик кўрар экан, клуб нафақат майдонда, балки майдондан ташқарида ҳам Европа элитасига дахлдор эканини исботламоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Интер" – "Барса" ўйини Италия футбол тарихидаги энг даромадли баҳсга айланди