
Айни кунларда бутун дунёдаги миллионлаб мусулмонлар билан биргаликда ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам муқаддас Ҳаж амалларини адо этмоқда. Бугун Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров бошчилигидаги ватандошларимиз Арафот тоғидаги зиёратлари вақтида футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг муҳим ўйинида ғалаба қозониши учун самимий дуо қилишди.
Муфтий Нуриддин Холиқназаров шундай деб таъкидлади:
«Бу оддий футбол ўйинидан кўпроқ нарса. Бу ўйин орқали Ватанимиз шарафи, миллатимиз ғурури кўтарилади. Терма жамоамиз биздан, бутун халқимиздан дуо умид қилмоқда. Илоҳим, Аллоҳ таоло футболчиларимизнинг қадамларини мустаҳкам қилсин, уларга куч-қувват ва ғалаба насиб этсин. Биз бутун қалбимиз билан уларни қўллаб-қувватлаймиз ва улар учун муваффақиятлар тилаймиз. Аллоҳ уларни барча ёмонликлардан, офатлар ва ҳасадгўй кўзлардан Ўзи асрасин. Юртимизнинг номини бутун дунёга ёйишда уларга ёрдам берсин».
Шу тариқа, мусулмон олами учун энг муқаддас саналган Арафот тоғида ўзбекистонлик ҳожиларимиз миллий жамоамизга самимий қўллаб-қувватлаш ва дуолар билан ёрдам беришмоқда. Бу эса футболчиларимизнинг руҳий ҳолати ва мотивацияси учун қўшимча куч бўлиши шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий футбол жамоаси айни дамда жаҳон чемпионатига чиқиш учун муҳим паллада турибди. Бугун, 5 июнь куни миллий терма жамоамиз Абу-Даби шаҳрида БАА термасига қарши ҳал қилувчи ўйинни ўтказади. Агар ушбу баҳсда жамоамиз ғалаба қозонса ёки дуранг натижа қайд этса, 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексика давлатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Тимур Кападзе бошчилигидаги терма жамоамиз учун бу ўйин нафақат тарихий аҳамият касб этади, балки бутун халқимизнинг умидлари ҳам айнан шу беллашув натижасига боғланган. Учрашув Тошкент вақти билан 21:00да старт олади ва «Футбол TV» ҳамда «Спорт TV» телеканаллари орқали жонли эфирда мухлисларга тақдим этилади.
Ўйин олдидан барча ватандошларимиз миллий терма жамоамизга катта ишонч билдириб, дуолар билан қўллаб-қувватламоқда. Илоҳим, ушбу дуолар ижобат бўлиб, жамоамиз орзудаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритсин! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар