Россия кубоги гуруҳ босқичининг тўртинчи туридан ўрин олган “Зенит” – “Ахмат” учрашувида футбол мухлислари кутилмаган воқеага гувоҳ бўлишди.
Беллашув охирида, қўшиб берилган дақиқаларда “Ахмат” ҳимоячиси Нодир Гандри рақиб ҳужумчиси Андрей Мостовойга нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Рафаэл Шафеев бу ҳолат учун унга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. Тунислик футболчи майдонни тарк этиш асносида либосини трибунадаги мухлислардан бирига совға қилиб берди.
Бироқ VAR орқали эпизод қайта кўриб чиқилгандан кейин қарор ўзгартирилди: қизил карточка сариққа алмаштирилди. Натижада, ҳайратда қолган мухлис Гандрига футболкасини қайта топширишга мажбур бўлди.
Қизиғи шундаки, Нодир Гандри ўйин давомида “Ахмат”нинг ягона голига муаллифлик қилган эди. Аммо баҳсли вазият ва карточка атрофидаги воқеа бу беллашувнинг энг ёдда қоларли лаҳзасига айланди.
Россия кубогида шундай ноодатий ҳолат мухлислар орасида ҳам катта муҳокамага сабаб бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!